СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИДА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ: ҲУҚУҚИЙ МЕХАНИЗМЛАР ВА ИНСТИТУЦИОНАЛ ИСЛОҲОТЛАР

Коррупция суд-ҳуқуқ тизимида энг хавфли ижтимоий иллатлардан бири ҳисобланади. Чунки айнан суд ҳокимияти қонун устуворлигини таъминловчи асосий институт сифатида жамиятда адолат мезонини белгилайди. Суд тизимида коррупциянинг мавжудлиги фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга тўсқинлик қилади, давлатга бўлган ишончни сусайтиради ва ҳуқуқий давлат тамойилларига путур етказади.

Суд-ҳуқуқ соҳасида коррупция одатда суд қарорларини таъсир остида қабул қилиш, мансаб ваколатларидан шахсий манфаат йўлида фойдаланиш, процессуал ҳаракатларни сунъий равишда чўзиш ёки тезлаштириш каби ҳолатларда намоён бўлади. Бундай ҳолатлар адолатли судлов принципига зид бўлиб, Конституцияда белгиланган қонун устуворлиги тамойилини бузади.

Ўзбекистон Республикасида суд тизимини ислоҳ қилиш ва коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун, Судлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳамда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича қабул қилинган фармон ва қарорлар мазкур соҳада ҳуқуқий асос яратди.

Судьяларни танлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш, уларнинг мустақиллигини таъминлаш, суд фаолиятида очиқлик ва шаффофликни кучайтириш коррупциянинг олдини олишда муҳим омил ҳисобланади.

Суд-ҳуқуқ тизимида коррупцияга қарши курашишда институционал механизмлар алоҳида аҳамиятга эга. Жумладан:

▫️ судьялар дахлсизлиги билан бирга уларнинг жавобгарлик механизмларини аниқ белгилаш;

▫️ электрон судлов тизимини жорий этиш орқали инсон омилини камайтириш;

▫️ суд қарорларининг очиқ эълон қилиниши;

▫️ жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари назоратини кучайтириш;

▫️ манфаатлар тўқнашувини олдини олиш механизмларини жорий қилиш.

Рақамлаштириш жараёни суд тизимида коррупция хавфини камайтиришнинг самарали воситаси бўлиб хизмат қилмоқда. Электрон ариза топшириш, онлайн суд мажлислари, автоматлаштирилган иш тақсимоти каби тизимлар инсон омили таъсирини чеклайди ва процесс шаффофлигини таъминлайди.

Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, суд тизимида коррупцияга қарши курашиш фақат жазо чоралари билан эмас, балки профилактик ва тарбиявий чоралар билан ҳам мустаҳкамланиши лозим. Судьялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг касбий этикаси, ҳалоллик стандартлари ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бу борада муҳим аҳамиятга эга.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, суд-ҳуқуқ тизимида коррупцияга қарши курашиш — ҳуқуқий давлат қуришнинг асосий шартидир. Суд мустақиллиги, шаффофлик, жамоатчилик назорати ва рақамли ислоҳотлар ўзаро уйғунлашган ҳолда амалга оширилганда, адолатли судловни таъминлаш ва коррупцияни минимал даражага тушириш мумкин бўлади.

Саидумаржон Шокиров, Фарғона вилоят маъмурий судининг судьяси.