Туристик хизмат кўрсатилмаса, тўланган маблағ тақдири нима бўлади?

Фарғона шаҳрида яшовчи фуқаро Х.П. туристик сафарни амалга ошириш мақсадида туристик компанияга 600 АҚШ доллари тўлаган. Фуқарога кўра, томонлар ўртасида хизмат кўрсатиш бўйича ёзма шартнома расмийлаштирилмаган, хизматни бажариш ва маблағни қайтариш шартлари ҳақида эса истеъмолчига етарлича маълумот берилмаган.

Оилавий шароит сабабли сафарга чиқа олмаган фуқаро тўлаган пулини қайтаришни сўраган, аммо мурожаатлари натижа бермаган.

Шундан сўнг у Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди. Ҳолат жойига чиқиб ўрганилди, туристик компания раҳбарияти билан суҳбат ўтказилиб, истеъмолчининг ҳуқуқлари ҳамда хизмат кўрсатишда қонунчилик талабларига риоя этиш зарурлиги тушунтирилди.

Натижада томонлар ўзаро келишувга эришиб, 600 АҚШ доллари фуқарога қайтарилди. Истеъмолчи кўрсатилган амалий ёрдам учун миннатдорлик билдирди.

Ушбу ҳолат туристик хизматдан фойдаланишда шартнома тузиш, хизматнинг шартлари, тўловни қайтариш тартиби ва эҳтимолий ушлаб қолишлар ҳақида олдиндан тўлиқ маълумот олиш муҳимлигини кўрсатади. Тўловни тасдиқловчи ҳужжатларни сақлаш ҳам истеъмолчининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Эсда тутинг: хизмат кўрсатиш шартларини олдиндан аниқлаштириш кейинчалик келишмовчиликларнинг олдини олади.

Мансуржон Тошканов, Фарғона шаҳар жамияти мутахассиси.