Фарғона туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг «Хонқиз» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи А.Б.нинг электр таъминоти корхонаси томонидан асоссиз қарздорлик ҳисобланаётганлиги ва ушбу ҳолатни ўрганиб чиқиб, масалага ойдинлик киритиб берилиши юзасидан қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчи мурожаатида электр таъминоти корхонаси базасидаги шахсий ҳисоб рақамида 223 516 сўм қарздорлик вужудга келгани, ушбу қарздорликнинг асоссизлиги важини келтиради. Туман жамияти томонидан ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида ушбу масала юзасидан туман электр таъминоти корхонасига сўров хати билан мурожаат қилинганда, истемолчи томонидан келтирилган важларнинг асосли эканлиги маълум бўлди.
Сўров хатига олинган жавобда маълум қилинишича, жорий йилнинг август ойида электр таъминоти корхоналари тизимида ПК электр ҳисоб дастуридан «HET BILLING» дастурий мажмуасига ўтиш пайтида истеъмолчиларнинг архив маълумотларини эски тизимдан янги тизимга кўчириш жараёнида айрим истеъмолчилар шахсий ҳисоб рақамларида ноаниқликлар келиб чиққан. Истеъмолчи А.Б.нинг шахсий ҳисоб рақамида ҳам худди шундай ҳолат кузатилган. Истеъмолчи шахсий ҳисоб рақами маълумотларини ўрганиб чиқилиши эса унда қарздорлик мавжуд бўлмагани, аксинча ўша вақт, яъни 01.08.2024 йил ҳолатига 6456 сўм, ҳозирги кун ҳолатига эса 29 622 сўм миқдорида олдиндан тўлов суммаси мавжудлигини кўрсатган.
Ўрганиш ишлари якуни билан истеъмолчига унинг шахсий ҳисоб рақамида қарздорлик мавжуд эмаслиги, аксинча электр энергияси учун тўловларидан ҳақдорлиги мавжудлиги юзасидан жавоб хати юборилди.