Олмалиқда кадастр ходими пора олаётганида қўлга тушди

Давлат кадастрлар палатаси Олмалиқ шаҳар филиали бош муҳандиси А.I. пора олаётганида ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, у Олмалиқ шаҳрининг Хонобод кўчасида жойлашган 0,28 гектардан иборат ер участкасини уч қисмга бўлиб бериш ҳамда ҳар бир ер участкасига алоҳида кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига фуқародан 4 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора сифатида талаб қилган.

Бу ҳақда фуқаро Тошкент вилояти ИИБ ЖҚБ Ер ресурслари талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлинмасига мурожаат қилган.

Кадастр ходими олдиндан 1 800 АҚШ долларини олган. Кейинчалик қолган 2 200 АҚШ долларини фуқародан олаётганида вилоят прокуратураси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб боришга киришилган.