Ўзбекистон жисмоний шахсларнинг розилигисиз амалга оширилган молиявий операцияларни аниқлашга қаратилган янги тартиб жорий этилади.
Марказий банк томонидан тижорат банклари, тўлов ташкилотлари ва тўлов тизимлари операторларининг ахборот тизимларида шубҳали (фрод) операцияларни аниқлашга қўйиладиган умумий талабларни белгиловчи низом лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 9 октябрга қадар жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Шубҳали (фрод) операциялар – ваколатли давлат органи, тижорат банклари, тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан, шу жумладан, антифрод тизимлари орқали аниқланган, манбаси ёки мақсади қонунчиликка зид бўлган ёхуд ўзгаларнинг мол-мулкини талон-торож қилиш ёки бошқа ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлган тўлов ва пул ўтказмалари операциялари.
Лойиҳа мобил иловалар, интернет-банкинг, банк карталари ва электрон ҳамёнлардан фойдаланишда юзага келадиган фирибгарлик хатарларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган. Бунда мижозни алдаш ёки унинг ишончини суиистеъмол қилиш орқали операцияни амалга оширишга ундайдиган ижтимоий муҳандислик схемаларини аниқлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Лойиҳага кўра, антифрод тизимлари 24/7 ва реал вақт режимида ишлаши, операциялар эса бир нечта белгилар комбинацияси ва скоринг асосида баҳоланиши кўзда тутилган. Хавф даражасига қараб операция амалга оширилади, вақтинча тўхтатилади ва мижоздан тасдиқ олинади ёки рад этилади.
Шубҳали операция тўхтатиб турилган ёки рад этилган тақдирда, мижоз дарҳол мавжуд алоқа орқали хабардор қилинади. Хабарда операциянинг умумий тавсифи, қабул қилинган қарор ва мижоз томонидан кўрилиши мумкин бўлган чоралар тўғрисида маълумот берилади.
Ижтимоий муҳандислик аломатлари аниқланганда қўшимча верификация ўтказиш, антифрод моделларини мунтазам баҳолаш ва камида ҳар чоракда текшириб бориш белгиланмоқда.
Шунингдек, шубҳали операциялар ва янги фирибгарлик схемалари бўйича молия бозори иштирокчилари ўртасида ахборот алмашиш, йирик ҳодисалар ҳақида Марказий банкни хабардор қилиш ҳамда мижозларнинг бундай операциялар юзасидан мурожаатларини сутка давомида қабул қилиш талаблари назарда тутилмоқда.
Марказий банк ахборотига кўра, лойиҳа Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Сингапур ва бошқа мамлакатларнинг фирибгарликка қарши курашиш бўйича амалиётлари таҳлили асосида ишлаб чиқилган. Низомда назарда тутилган қоидалар Марказий банк томонидан янги фирибгарлик схемалари, халқаро амалиётдаги ўзгаришлар ва сектор статистикасини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилади.
Ушбу низомнинг қабул қилиниши молия секторида антифрод тизимлари учун ягона ёндашувни шакллантириш, фирибгарлик хатарларини эрта аниқлаш ва мижозлар маблағлари ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади.