Фото: Ортиқхўжа Норов, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати раҳбари
Ўзбекистонда 10 ойда хорижга ишлашга кетиб, қийин аҳволда қолган 443 нафар фуқаро қайтарилди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норов маълум қилди .
Унинг сўзларига кўра, 2023 йилнинг 10 ойи давомида агентликка жисмоний ва юридик шахслардан жами 85 минг 634 та мурожаат келиб тушган .
Мурожаатлар асосида хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларнинг 35 минг 381 нафарига ташкилий ва манзилли тарзда ишга жойлашишга кўмаклашилган, хорижда ишлаётган 8 667 нафарига ҳуқуқий, 7 141 нафарига ижтимоий ва 2 474 нафарига жами 71 400 АҚШ доллари миқдорида моддий ёрдам кўрсатилган.
Хорижда қийин аҳволда қолган 76 нафар фуқаро вақтинчалик хостелларга жойлаштирилган бўлса, оғир аҳволга тушиб қолган 443 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилган .
Ўзбекистон фуқароларининг 1710 нафарини иш берувчи томонидан тўланмаётган иш ҳақи, 98 нафарини эса компенсация тўловлари шаклидаги жами 1 миллион 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги пуллари ундириб берилган .