Гиёҳлар билан даволаш ижобий натижа бермаган беморнинг тўрт миллион сўм пули қайтарилди

Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига туманнинг Нурсух қишлоғида яшовчи Д.Р.дан келиб тушган мурожаатда касалликларни турли гиёҳлар воситасида даволовчи табибдан харид қилинган дори воситаси учун тўланган пулларини қайтарилишида амалий ёрдам кўрсатилиши сўралган.

Мурожаатда баён қилинишича, Д.Р. вирусли гепатит Б касаллигидан даволаниш мақсадида жорий йилнинг сентябр ойи охирларида Тошкент вилояти Тўйтепа шаҳрида халқ табобати йўли билан касалликларни даволаш фаолияти билан шуғулланувчи Ф. исмли табибга бориб учрашган. Касаллигига оид турли таҳлиллар натижаларини ҳам олиб боргани сабабли табибга уларни кўрсатган. Табиб унга турли гиёҳлардан тайёрланган 12 қути дори воситаларини бериб, уларни 8 ой давомида узулксиз истеъмол қилиб турса қони таркибидаги вирус камайишини айтган. Бемор дамламаларни 1 ой давомида истеъмол қилиб бориб, ой охирида яна организмидаги ўзгаришларни билиш учун мустақил таҳлил топширганда таҳлиллар қони таркибидаги вируслар камайиш ўрнига ошиб кетганлигини кўрсатган. Шундан сўнг ушбу масалада Федерация ходимларига мурожаат қилган.

«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасига кўра, сотиб олинаётган товар ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилиши оқибатида зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар сотиб олинишига сабаб бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилишга ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда, туман жамияти ходимлари табиб билан боғланиб, юзага келган ҳолатда қонуннинг юқоридаги талабларини ва ушбу талабларни бажармаслик натижасида келиб чиқувчи ҳуқуқий оқибатларни тушунтирганларидан сўнг, табиб беморнинг тўрт миллион сўм пулини унинг банк пластик картасига қайтарди.

Исомиддин Аббасов, туман жамияти бош мутахассиси.