Тошкентда ДУК ходими тадбиркордан 300 минг доллар олганликда гумонланиб ушланди

Тошкент шаҳридаги «Yunusobod business city тадбиркорлик марказини қуриш ва эксплуатация қилиш дирекцияси» давлат унитар корхонаси (ДУК) ходими пора билан қўлга тушди, деб хабар бермоқда ДХХ ахборот хизмати.

Қайд этилишича, у мазкур марказда кўп қаватли турар жой бинолари қуриш учун рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига тадбиркордан 300 минг доллар олаётган вақтида ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Дирекция ва тадбиркор ўртасида тузилган шартномага мувофиқ, марказ ҳудудидаги эски уйларни бузиш ва қурилиш учун жой тайёрлаш мақсадида муқаддам тадбиркор томонидан дирекция ҳисобига 22 млрд сўм миқдоридаги инвестиция маблағи ўтказиб берилган.

Аммо дирекция ходими турли баҳоналар билан қурилиш бошлашга рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштиришни ортга сурган ва масалани ижобий ҳал этиб бериш учун пул талаб қилган.

Ҳолат юзасидан дирекция ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 168- (Фирибгарлик) ва 28,211- (Пора бериш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.