Фарғона, Сирдарё, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳрида олий таълим муассасаларига ўқишга киритиб қўйиш билан боғлиқ бир нечта фирибгарлик ҳолатларига чек қўйилди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.
Хусусан, Қувасой шаҳридаги махсус мактаб интернат ходими муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган, Фарғона давлат университети талабаси билан биргаликда маҳаллий фуқарони мазкур олий таълим муассасасининг «Бошланғич таълим ва спорт-тарбиявий иши» йўналишига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3400 доллар талаб қилган.
ДХХнинг вилоят бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Жараёнда махсус мактаб интернат ходими сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Бувайда туманида кузатилган ҳолатда эса умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Риштон туманида яшовчи фуқаронинг Қирғизистон олий ўқув юртидаги ўқишини Андижон давлат тиббиёт институтига кўчириб бериш эвазига 8 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 1500 доллар олган вақтида ушланган.
Яна бир ҳолат Тошкент шаҳрида қайд этилган. Миллий университет талабаси мансабдор танишлари орқали Нурафшон шаҳрида яшовчи фуқарони Тошкент давлат иқтисодиёт университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 7500 доллар талаб қилиб, олдиндан 4000 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Бошқа бир ҳолатда Бухоро инновациялар университети ходими маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, уни Қирғизистондаги олий ўқув юртида ўқиётгани тўғрисида сохта ҳужжатлар тайёрлаб, кўчириш йўли билан Бухоро шаҳридаги Осиё халқаро университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 26 млн сўм талаб қилган ва олдиндан 500 доллар ва 14,4 млн сўм олган вақтида ушланган.
Сирдарё вилоятидаги ҳолатда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшовчи, 1997 йилда туғилган шахс Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаронинг ишончига кириб, танишлари ёрдамида уни Гулистон давлат университетининг «Ижтимоий-иқтисодий» факультетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4500 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жинояти ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.