“Медиа-патрул” июнь ойида вилоятнинг яна иккита тумани аҳолиси вакиллари ҳузурига етиб борди

“Точка зрения” (“Нуқтаи назар”) газетаси таҳририятининг “Медиа-патрул” лойиҳаси ташаббускорлари май ойида Қўқон шаҳри ҳамда Данғара туманларида тадбирлар ўтказганлиги тўғрисида хабар берган эдик. “Медиа-патрул”чилар июнь ойида вилоятимизнинг Бешариқ ва Ўзбекистон туманларида ҳам бўлдилар.

“Медиа-патрул” Бешариқ туманида тиббиёт ходимлари ҳузурида бўлди

Бешариқдаги тадбирлар туман Тиббиёт бирлашмасида ўтказилиб, унда бирлашманинг шифокору ҳамширалари, идора ҳамда хўжалик ишларида банд бўлган турли ёшдаги ишчи-хизматчилари вакиллари иштирок этдилар.

Анъанага кўра, тадбир таҳририят томонидан ишлаб чиқилиб, унинг Youtube ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасига жойланган, медиасаводхонликни тарғиб қилувчи роликлардан айримларини намойиши билан бошланди. Роликлардан намуналар намойишидан сўнг, уларда кўтарилган масалалар юзасидан иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, қайта алоқа тарзида қисқа муҳокамалар ўтказилди. Барча роликларни таҳририятнинг расмий саҳифасидан кўриш бўйича йўл-йўриқ ва тушунтиришлар ҳамда тавсиялар бериб ўтилди.

Шундан сўнг тадбир иштирокчиларига тарқатма материаллар берилиб, қисқа семинар тарзида медиасаводхонлик нима, танқидий фикрлаш, фейк хабарлар ва уларни ҳақиқийларидан ажратиш, спам, фишинг, электрон почталар, СМСлар ва банк карталари воситасидаги фирибгарликлар, киберхавфсизлик, кибербуллинг, болаларни интернетдаги зарарли маълумотлардан ҳимоя қилиш мавзуларига оид асосий тушунчалар бериб ўтилди.

Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилиб, уларнинг ҳам кундалик турмуш жараёнида тадбир мавзусига оид масалаларда дуч келган ёки гувоҳ бўлган воқеалари тингланди.

– Мана бизда интернет саводхонлиги бўйича тадбир ўтказилди. Тадбирда бизга интернет сайтлардан тўғри маълумотлар олиш бўйича медиасаводхонлик малака ва кўникмалари берилди. Қўлимизга “Саволлар олами” газетасининг ушбу тадбир материаллари босилган сони тарқатма материал сифатида берилди. Биз ушбу материалларни оиламиз, яқинларимиз даврасида ҳам ўқиб фойдаланган ҳолда, келгусида интернетдаги фирибгарликларда огоҳ бўламиз ҳамда турли хатоликларга қўл қўймаймиз, – дейди Бешариқ туман тиббиёт бирлашмаси ҳисобхона ходими Ахмадалиева Чаросхон.

– Бугун медиасаводхонлик бўйича яхши тадбир ўтказилди. Тадбирда фаол қатнашдик. Бугунги куннинг долзарб масалалари ҳақида керакли билимларни олдик. Ҳозир тадбирдан сўнг бу ерда олинган билимларни терапия бўлимимизнинг ушбу тадбирда иштирок эта олмаган бошқа ходимларига, шунингдек оила аъзоларимизга етказамиз. Тадбирдан кўп нарса олдик, айниқса фейк хабарларга алданиб қолмаслик, интернет фирибгарлардан огоҳ бўлиш ҳақида етарли даражада маъулмотлар бериб ўтилди, – дейди тиббиёт бирлашмасининг терапия бўлими катта ҳамшираси Ҳамдамбоева Юлдузхон.

– Бугунги тадбирга тиббиёт бирлашмамиз мажлислар залига бирлашманинг масъул ходимларини йиғдик. Уларга медиасаводхонлик бўйича маълумотлар беришди. Айниқса менга, интернетдан фойдаланганда, ижтимоий тармоқларга кирганда фейк хабарларни ажратиб олиш бўйича берилган маъулмотлар ёқди. Биз ушбу маъулмотлардан ўзимизга керакли хулосаларни чиқариб оламиз. Шунингдек, берилган тарқатма материаллардан тиббиёт бирлашмамизда келгусида ўтказиладиган турли тадбирларда ходимларниг бу борадаги ҳуқуқий билимларини оширишда фойдаланамиз, – дейди тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси раиси Тожибоева Мақсудахон.

– Мен бугунги йиғилишимиздан хулоса қилиб айтаманки, берилган маълумотлар ўзимиз учун, фарзандларимиз келажаги учун фойдали. Ёлғон маълумотларга, интернет фирибгарларга алданиб қолишимизни олдини олади. Бугунги олинан билимларни бўлимиз ходимларига, маҳалла куйдаги таниш-билишларга ҳам етказамиз, – дейди Реанимация бўлими катта ҳамшираси Каримова Ферузахон.

“Медиа-патрул” Яйпанда таълим соҳаси вакиллари билан учрашди

Лойиҳа ташаббускорлари Ўзбекистон тумани маъмурий маркази бўлган Яйпан шаҳрининг 1-умумий ўрта таълим мактабига кириб келганларида бу ерда ўқувчилар учун турли тўгарак машғулотлари бўлиб ўтаётган экан. Мактаб маъмурияти билан келишувга кўра, лойиҳа бўйича ўтказилган тадбирга мактаб ўқитувчилари ва юқори синф ўқувчилари қатнашдилар.

Лойиҳа дастурига кўра, роликлар намойиши тадбирни бошлаб берди. “Бизга медиасаводхонлик нима учун керак?”, “Фейк хабарлар қандай тарқалади?”, “Фишингдан ўзингизни қандай ҳимоя қилишингиз мумкин?” каби мавзулардаги 2-3 минутлик роликлардан сўнг, иштирокчиларнинг улардан олган таассуротлари бўйича фикр ва мулоҳазалари тингланди. Иштирокчиларга роликларни оила ва яқинлари даврасида кўриш, дўстларига бўлишиш бўйича тушунтириш ва тавсиялар бериб ўтилди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида унинг иштирокчилари орасида ёшларнинг кўпроқлигини инобатга олган ҳолда, мавзуларни беришда асосий эътибор спам, фишинг, СМСлар тарзида фирибгарликлар, интернетдаги турли қимор ўйинлари ва уларнинг оқибатларига қаратилди. Ҳаётий мисоллар тарзида бундай фирибгарликларни фарқлаш, улардан ўзларини эҳтиёт қилиш юзасидан тушунтириш ва тавсиялар бериб ўтилди.

Таҳриряитга қарашли бўлган “Саволлар олами” газетасининг “Медиа-патрул” лойиҳасининг барча мавзуларини ўз ичига жамлаган ҳамда тарқатма материал сифатида тайёрланган алоҳида махсус сони барча иштирокчиларга, шунингдек мактабнинг мазкур тадбирда қатнаша олмаган ўқитувчилар жамоаси аъзоларига ҳам тарқатиб берилди.

– Бугун бизнинг мактабимизга “Нуқтаи назар” газетаси таҳририятидан ташриф буюришиб, медиасаводхонлик, киберхавфсизлик масалаларида кўпгина тушунчаларни беришди. Жамоамиз аъзоларига, ўқувчиларимизга бу борада тайёрланган тарқатма материаллар берилди. Бундай тадбирлар биз ўқитувчилар учун, ўқувчилар учун жудаям керак ўйлайман, чунки инсоннинг бу борадаги тушунчалари ортгани сайин, у интернетдаги турли хавфлардан ўзини ҳимоя қила олади, – дейди Ўзбекистон тумани 1-умумий ўрта таълим мактаби маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Камолова Камолахон.

– Газета таҳририятидан ташриф буюрган меҳмонлар бизга бугунги куннинг долзарб амсалаларидан бири бўлган медиасаводхонлик бўйича кенг тушунчалар беришди. Биз ёшлар учун бу жудаям фойдали бўлди. Бизга интернет фирибгарларга алданиб қолмаслик йўл йўриқлари кўрсатилди. Албатта бундай тадбирлар учун биз учун жудаям керак. Ўтказилган тадбир учун катта раҳмат, – дейди мазкур мактаб ўқувчиси Рахмонова Зулхумор.

Тадбир иштирокчиларнинг жинс ва ёш таркиби бўйича инфографика билан қуйида танишинг:

“Медиа-патрул”нинг июнь ойидаги тадбирлари билан Фарғона вилоятининг Бешариқ ва Ўзбекистон туманларидаги 84 нафар аҳоли вакиллари қамраб олинди. Жинс таркиби бўйича иштирокчиларнинг: 66 тасини аёллар, 18 тасини эркаклар; ёш таркиби бўйича эса: 26 тасини ёшлар, 56 тасини ўрта ёшдагилар, 2 тасини кекса авлод вакиллари ташкил қилди.