Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Фарғона вилояти Ёзёвон тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси буюртмачилигида 14 июнь куни ўтказилган 1 млрд 38 млн сўмлик давлат харидини унда иштирок этган 2 нафар тадбиркорнинг таъсисчиси эр-хотин бўлгани сабабли бекор қилди.
Агентлик маълумотига кўра, харид комиссияси томонидан ушбу аффилланганлик ҳолатига баҳо берилмаган ва ноҳалол рақобат келиб чиққан бўлишига қарамай, танловни ўтказишни вақтинчалик бекор қилиш чоралари кўрилмаган.
Шунингдек, давлат харидида қатнашган икки тадбиркорнинг ҳужжатларини ўрганишда уларнинг тайёрланиши, шакли ва шу каби бошқа ҳолатларга умуман баҳо берилмаган, ҳужжатларнинг бир жойда тайёрлангани кўриб чиқилмасдан, баённома расмийлаштирилган.
Агентлик томонидан бу ҳолатлар бўйича харид комиссиясининг баённомасини бекор қилиш тўғрисида 14 июнь куни буюртмачига тақдимнома киритилган ҳамда қонуний чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекциясига юборилган.
Агентликнинг тақдимномасига биноан Ёзёвон тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси 16 июнь куни харид комиссиясининг баённомасини бекор қилган.
Аввалроқ Транспорт университети ўтказган 1,2 млрд сўмлик давлат хариди унда қатнашаётган тадбиркорларнинг ҳужжатлари электрон платформага харид комиссияси фойдаланган компьютер IP-манзили орқали юклангани учун бекор қилинганди.