Ушбу кунни Бутунжаҳон истеъмолчи ҳуқуқлари куни (ингл. World Consumer Rights Day) сифатида эътироф этилиши тарихи Америка Қўшма Штатлари президенти Жон Кеннедининг АҚШ Конгрессида нутқ сўзлаган санаси (15.03.1061 йил)га мос келади. Унда илк маротаба “истеъмолчи” тушунчасига юқори даражада эътибор қаратилиб, Ж.Кеннеди истеъмолчиларнинг 4 та ҳуқуқлари бўйича асосий тамойилларни таклиф қилганди. Булар истеъмолчиларнинг: ахборот олиш ҳуқуқи; хавфсизлик ҳуқуқи; танлаш ҳуқуқи ва эшитилган бўлиш ҳуқуқлари эди.
Кейинчалик истеъмолчиларнинг ушбу ҳуқуқлари Халқаро истеъмолчилар ташкилоти (Consumers International) томонидан яна 4 та ҳуқуқлар, яъни зарарларни қоплатиш ҳуқуқи, соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқ, истеъмолчилик таълимини олиш ҳуқуқи, асосий эҳтиёжларни қондириш ҳуқуқи билан тўлдирилиб, ташкилотнинг бу борадаги асосий тамойиллари сифатида қабул қилинган.
15 март БМТ томонидан 1983 йилда Бутунжаҳон истеъмолчи ҳуқуқлари куни сифатида эътироф этилди ва шу йилдан бошлаб ҳар йили бутун дунё бўйлаб кенг нишонланиб келмоқда.
Ўзбекистонда истеъмолчилик ижтимоий ҳаракати вужудга келиши
Ўзбекистон Республикасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракати 1996 йил 26 апрелда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 4 ва 30-моддаларига мувофиқ вужудга келди.
1997 йилда аҳолининг сифатсиз маҳсулот ва хизматлардан ҳимоя қилишга ўз улушини қўшиш ва ўз имкониятларини бирлаштиришга қарор қилган бир қатор ҳамфикрлар ташаббуси билан пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ижтимоий ҳаракати – Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти шаклида ташкил топди. Жамият 1999 йили Республика истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти сифатида рўйхатдан ўтди. Бу вақтда республикамизнинг 7 та вилоятида ҳудудий жамиятлар ташкил топган эди.
2000 йил Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг навбатдан ташқари II съездида жамиятга Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси номи берилди. Бу вақтда 9 та вилоят ва Тошкент шаҳрида жамиятлар ташкил этилган эди.
Фаол истеъмолчиларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли ушбу жамоат ташкилотига давлат тарафидан алоҳида эътибор қаратилиб, қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2002 йил 28 ноябрда «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 414-қарорининг қабул қилиниши мазкур ижтимоий ҳаракат тараққиётида янги босқични бошлаб берди.
Шу билан бирга, мазкур қарор билан Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларининг ташкилий тузилмаси ҳамда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ижро этувчи аппаратининг тузилмаси маъқулланди. 2003 йил 17 январдаги федерациянинг III таъсис конференцияси Қорақалпоғистон Республикаси Федерацияси, Тошкент шаҳри ҳамда республиканинг 12 вилоятидаги ҳудудий бирлашмаларни бирлаштирди.