30 минг қутига яқин тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Мамлакатимизга акциз маркалари билан маркаланмаган тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб кирилиши, сақланиши ва айланишига божхона органлари томонидан тизимли равишда қарши кураш олиб борилмоқда. Бу борада вилоятда хизмат олиб бораётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилаётган тезкор тадбирлар ўз самарасини бермоқда.

Жумладан, Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари вилоят ДХХ, ИИБ ва Миллий Гвардия ходимлари билан ҳамкорликда Қўқон шаҳрида тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасини олдини олишга қаратилган навбатдаги тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбирда, тезкор маълумотларга асосан, ушбу шаҳар ҳудудида яшовчи фуқаро Н.Х. яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, хонадонда фуқаро И.З.га тегишли бўлган, хорижда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган ва акциз маркалари билан маркаланмаган умумий қиймати 350 миллион сўмлик 16 турдаги жами 30 минг қутига яқин тамаки маҳсулотлари борлиги  аниқланди.

Ушбу тамаки маҳсулотлари хориждаги айнан қайси корхоналар томонидан ишлаб чиқарилганлиги ҳамда сифатини кафолатловчи бирор-бир ҳужжатлари ҳам мавжуд эмаслиги маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.