“Медиа-патрул” февраль ойида вилоятнинг Учкўприк ва Бувайда туманларида бўлди

“Нуқтаи назар” газетаси таҳририяти “Медиа-патрул” лойиҳасини ишлаб чиқиб, Фарғона вилоятининг турли ҳудудларида медиасаводхонлик тадбирларини ўтказиб бораётганлиги тўғрисида хабарлар бериб боряпмиз. Тадбирлар февраль ойида ҳам давом эттирилиб, лойиҳа ташаббускорлари вилоятнинг Учкўприк ҳамда Бувайда туманларида бўлдилар ҳамда ушбу ҳудудлардаги маҳаллалар, ижтимоий соҳа объектларида ва бошқа ташкилотларда медиасаводхонлик тадбирларини ўтказдилар.

Шу ўринда, тадбирларда иштирок этаётган аҳоли вакилларига “Медиа-патрул” лойиҳаси доирасидаги мавзуларни тўлиқ ўз ичига олган материаллар жойланган, таҳририятга қарашли “Саволлар олами” газетасининг алоҳида махсус сони босмадан чиқарилганлиги ҳамда тадбирларда тарқатма материал сифатида бериб борилаётганлиги жуда қўл келаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

«Медиа-патрул» Учкўприк туманига ташриф буюрди

Тумандаги 4-умумтаълим мактабига ташриф буюрган лойиҳа ташкилотчилари мазкур таълим муассасаси ўқитувчилари билан суҳбат уюштирдилар.

Тадбир устозларга лойиҳанинг видеолар кўринишидаги тарғиботи асосини ташкил қилувчи роликлардан намуналарни намойиш қилиш билан бошланди ва улар асосида иштирокчиларнинг медисаводхонлик борасидаги мавжуд билимлари юзасидан фикр ва мулоҳазалар алмашилди.

Таҳририятнинг Youtube ижтимоий тармоғидаги расмий каналига жойланган 20 дан ортиқ бу видороликларни тўлиқ кўриб чиқиш, яқинларга ва дўстларга кўришни тавсия қилиш, улардан болаларга медисаводхонлик билимларини беришда фойдаланиш бўйича тавсиялар ҳам бериб ўтилди.

Шундан сўнг, иштирокчиларга тарқатма материаллар тарқатилиб, лойиҳа ўз ичига қамраб олган мавзулар бўйича атрофлича тушунтиришлар ва зарурий билимлар бериб ўтилди. Тадбир якунларига кўра, иштирокчиларнинг олган билимларини баҳолаш, уларнинг талаб ва таклифларини ўрганишни кўзда тутувчи сўровнома ҳам ўтказилди.

– Бугунги тадбир, унинг аҳамияти ҳақида гапирадиган бўлсам, жудаям аҳамияти катта деб ўйлайман. Лойиҳа жуда яхши ўйланган. Ҳақиқатан ҳам бугунги кунда кўп одамларимиз, ҳаттоки ўқитувчилар ҳам интернет фирибгарларнинг тузоғига тушиб қолмоқда. Ўзим ҳам ҳаётимда бундай ҳолатга, яъни банк пластик картамдан ноқонуний пул ечиб олиниши ҳолатига бир марта дуч келганман. Буни олдини олиш учун эса медиасаводхонлик билимларини боғчадан, мактабдан болага сингдирилиши керак деб ўйлайман, – дейди Учкўприк туманидаги 4-умумтаълим мактаби рус тили фани ўқитувчиси Йигиталиева Шоирахон

– Сизлар бошлаган иш ҳақиқатда бугуннинг долзарб масалаларидан бири. Унинг ўқувчиларгаям, ўзимизгаям, қўйингки, аҳолининг барча қатламлари учун аҳамияти катта, – дейди шу мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Юнусова Нодирахон. – Медиасаводхонликни болага ёшлигидан ўқитиш тарафдориман. Ёшликда олинган билим эса тошга ўйиб битилган ёзувдекдир, дейди доно халқимиз.

«Медиа-патрул»нинг тумандаги кейинги манзили 5-умумтаълим мактаби бўлди. Тадбирда мактабнинг ўқитувчи ва техник ходимлари иштирок этдилар.

Тадбир иштирокчиларида унинг аввалида намойиш қилинган медиасаводхонлик бўйича видеороликлар яхши таассуротлар қолдирди. Улар буни видоероликлар намойишидан кейинги фикр ва мулоҳазалар алмашиш жараёнида ҳам таъкидлаб ўтдилар.

Тадбирнинг иккинчи ярмида кун тартибидаги асосий масалага ўтилиб, лойиҳа доирасидаги мавзулар: медиасаводхонлик ва унинг аҳамияти, мобил алоқа ва интернет воситасида амалга ошириладиган фирибгарликлар, спам, фишинг, СМС ва банк пластик карточкалари воситасидаги қаллобликлар, кибер товламачилик, кибербуллинг, улардан ҳимояланиш, болаларни интернетнинг зарарли таъсирларидан ҳимоя қилиш масалаларида тушунтиришлар бериб ўтилди ҳамда иштирокчиларга тарқатма материаллар берилди.

– Ҳозир ўтказилган тадбир биз учун жуда қизиқарли ва мазмунли бўлди. Агар эътибор қилган бўлсангиз мен бу тадбирнинг муҳим-муҳим жойларини ўз мобил телефонимга видео тарзида сақлаб олдим. Ундан эса келажакда ўқувчиларимга, ўз фарзандларимга, шунингдек яқинларимга интернет фирибгарликнинг салбий оқибатларини тушунтиришда фойдаланаман, – дейди Учкўприк туманидаги 5-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Юнусалиева Рахимахон.

– Ҳозирги кунда нафақат ўқувчиларда, балки халқимизда медиасаводхонлик бўйича билимлар етишмаётганлиги бор гап. Албатта, бугунги кунга қадар ўзимиз ҳам баҳоли қудрат бу борада болаларга қандайдир билимларни беришга интилиб келаётгандик, лекин бугунги олинган билимлар бизни янада қуроллантирди. Ҳозирда интернет технологиялари кенг ривожланиб, кишилик жамияти ҳаётига чуқур кириб бориши ортидан ундан фойдаланаётган аҳоли сониям кескин ортиб бормоқда. Лекин биз ундан тўғри мақсадда фойдалансаккина, ижобий натижаларга эришамиз. Интернетдаги турли зарарли таъсирлардан эса болаларимизни, халқимизни асрашимиз керак, – дейди шу мактабнинг география фани ўқитувчиси Тошматов Маъмуржон.

«Медиа-патрул» Бувайда туманига ҳам етиб келди

Февраль ойидаги тадбирлари давомида «Медиа-патрул» Бувайда туманида ҳам бўлиб, ушбу ҳудуддаги маҳалла ва ташкилотларда медисаводхонлик бўйича билимларни тарғиб қилиш юзасидан аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Хусусан, тумандаги 21-умумтаълим мактабида ташкилланган тадбирда мактабнинг ўқитувчи ва юқори синф ўқувчилари иштирок этдилар. Лойиҳанинг видеотарғибот материаллари бўлган роликлар намойиши юзасидан фикр ва мулоҳазалар алмашиш жараёнлари қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Иштирокчилар роликларда кўрилган, салбий оқибатларни келтириб чиқаришга сабаб бўлган интернет фирибгарликлар ва бу йўналишда ўз ҳаёт йўлларида кузатган мисоллардан гапириб ўтдилар.

Тадбирнинг иккинчи ярмида эса, иштирокчиларга тарқатма материаллар берилиб, лойиҳа ўз ичига қамраб олган мавзулар бўйича атрофлича тушунтиришлар бериб ўтилди. Тадбир якунларига кўра, иштирокчилардан қайта алоқа анкетаси олинди.

– Мактабимизда устозлар ва юқори синф ўқувчилари учун ўтказилган медиасаводхонлик тадбиридан ўзимга жуда кўп қизиқарли билимларни олдим. Айниқса, тарқатма материаллар биз учун айни муддао бўлди. Ташкилотчиларга миннатдорчилик билдираман, – дейди Бувайда туманидаги 21-умумтаълим мактаби директори Каримов Нозимжон.

– Мен ушбу медиатадбирдан ўзим қизиққан жуда кўп саволларга жавоблар олдим. Мен ўқувчиларга бу борадаги тарғибот ва тушунтириш ишларини кучайтириш керак деб ҳисоблайман. Чунки вояга етмаган болаларимиз интернетдан тушунган ёки тушунмаган ҳолда фойдаланишади, биз уларни назорат қилмасак, тўғри йўл кўрсатиб бормасак, тармоқдаги ёлғон хабарларга алданиб қоладиган ёшлар кўпаяди. Шундан келиб чиқиб, мен бугунги олинган билимлардан ўқувчи ёшларга тушунтиришлар бериб боришда фойдаланишни мақсад қилиб қўйдим, – дейди шу мактабнинг информатика фани ўқитувчиси Рахмонова Манзурахон.

Бувайда туманидаги яна бир манзил Тепалик маҳалла фуқаролар йиғини бўлди. Бу ерда маҳалла фуқаролар йиғинининг фаоллари билан учрашилди.

Иштирокчиларга қулайлик яратиш мақсадида, шунингдек об-ҳавонинг шунга мослигидан келиб чиқиб, медиасаводхонлик тадбири ташқарида ўтказилди.

Дастлаб маҳалла фаолларига «Нуқтаи назар» газетаси таҳририяти ташаббуси билан ишлаб чиқилган, мақсади медиасаводхонлик ва унинг аҳамияти, интернет фирибгарликларга қарши курашиш ва уларни олдини олишни кўзловчи видеороликлардан намуналарни намойиш қилиб берилди. Уларни таҳририятнинг Youtube ижтимоий тармоғидаги расмий каналида кўриш бўйича тушунтириш ва тавсиялар бериб ўтилди.

Шундан сўнг, медиасаводхонлик ва унинг аҳамияти, мобил алоқа ва интернет воситасида амалга ошириладиган фирибгарликлар, спам, фишинг, СМС ва банк пластик карточкалари воситасидаги қаллобликлар, кибер товламачилик, кибербуллинг, улардан ҳимояланиш, болаларни интернетнинг зарарли таъсирларидан ҳимоялаш масалаларида тушунтиришлар бериб ўтилиб, тадбир иштирокчиларининг бу борадаги фикр ва мулоҳазалари тингланди. Маҳалла фаоллари томонидан мавзу юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдириб ўтилиб, бу каби тадбирларни аҳамияти, уларни маҳалла фуқаролар йиғинларида, корхона, ташкилот ва идораларда давом эттириш кераклиги борасида таклифлар билдириб ўтилди.

– Бугун ажойиб ва хайрли тадбирни гувоҳи бўлдим, “Нуқтаи назар” газетаси таҳририяти ходимлари келиб бизни маҳалла фаоллари билан суҳбат қилди. Улар ўтказган тадбирни эса маҳалла фаолларимизни медиа билимларини ошишига ҳиссаси катта бўлди. Медисаводхонлик йўналишида бугунги берилган ахборотларни яхши тушуниб олсак, тарқатма материаллардаги фикрларни мазмун-моҳиятини яхши англаб олсак, нафақат ўзимизга балки маҳалламиз аҳолисига, ёшларига катта фойдаси тегади, деб ўйлайман, –дейди Бувайда тумани Тепалик МФЙ фаоли Абдуллаев Камолиддин.

Медиа-патрул февраль ойидаги тадбирлари билан Фарғона вилоятининг Учкўприк ва Бувайда туманларидаги 78 нафар аҳоли вакилларини қамраб олди. Шуларнинг жинс таркиби бўйича: 52 тасини аёллар, 26 тасини эркаклар; ёш таркиби бўйича эса: 21 тасини ёшлар, 50 тасини ўрта ёшдагилар, 7 тасини эса кексалар ташкил қилди. Тадбир иштирокчиларнинг жинс ва ёш таркиби бўйича инфографика билан қуйида танишинг:

“Медиа-патрул” шу билан февраль ойидаги тадбирларини якунлаб, март ойида вилоятнинг яна бошқа ҳудудларида медиасаводхонлик тадбирлариин ўтказишга ҳозирлик кўрмоқда. Бу ҳақда сизларга ушбу тадбирлар ўтказилгач хабар бериб ўтамиз.