Тўлов тўланган бўлсада картадан қўшимча маблағ ечиб олинган

Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи У.А. ўзларига қарашли банк пластик картасидан ортиқча маблағ ечиб олинганлиги ҳолати юзасидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилш жамиятлари Федерацияси Телеграмм боти орқали мурожаат йўллаган.

Мурожаат эгасининг билдиришича, у шаҳардаги “Elmakon» савдо дўконидан, истеъмол кредити шартларида, товар қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан, 5 млн 700 минг сўмга мобил телефон харид қилган. Шартнома унинг отаси А.А. номига расмийлаштирилиб, отанинг банк пластик картаси ойлик тўлов вақтида амалга оширилмаган тақдирда автоматик тарзда ечиб олиш дастурига ҳам уланган. Лекин тўловлар амалга ошириб келинаётганлигига қарамасдан, охирги ойда дастур банк картасидан ортиқча тўлов ечиб олган.

Мурожаат Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахасисслари томонидан ўрганиш жараёнида истеъмолчи У.А. шартнома шартлари асосида тўловларни вақтида амалга ошириб келаётганлиги, лекин уларга қарашли бўлган банк картасидан 475 минг сўм ортиқча маблағ ечиб олинганлиги тасдиғини топди ва ўрганиш ишлари давомида ортиқча олинган маблағ истеъмолчига қайтарилди.

Муҳаммаджон Улмасов, Қўқон шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси.