2000 йилларнинг бошларида биринчи марта иш қидира бошлаганимда, синфдошларим билан бўш иш ўринлари ярмаркасига бориб, муносиб иш топишга ҳаракат қилдим. Катта стендда майда ҳарфларда босилган телефон рақамларини ёзиб олиб, муассасаларга қўнғироқ қила бошладим. Кейинги телефон рақамини тераётиб, имкониятлар камлигини тушундим. Ўшандан бери, 20 йил ўтди. Иш қидириш тизими ўзгарди, аммо корхоналар томонидан тақдим этилган рақамларни номигагина бериш ҳали ҳам сақланиб қолган.
Иш қидиришни нимадан бошлаш керак?
Иш қидираётганда биринчи ўйлантирадиган масала бу – бўш иш ўринларини қаердан ва қандай топишдир. Олдин бўш иш ўринлари ярмарка ва бандликка кўмаклашиш марказлари орқали қидрилган бўлса, XXI асрга келиб буни онлайн тартибда амалга ошириш имконияти туғилди.
Бир неча йил аввал мамлакатимизда https://ish.mehnat.uz онлайн иш қидириш платформаси ишлаб чиқилди. Бу ерда ҳудуд ва соҳани танлаб, ўз мутахассислигингиз бўйича иш топишингиз мумкин. Электрон маълумотлар базасида вилоят бўйича 20 мингга яқин бўш иш ўринлари мавжуд, бироқ ягона камчилик шундаки, ҳар сафар қидирувни янгилаш ва ҳудудни фильтрлаш керак. Ушбу тизим орқали мен Соғлиқни сақлаш соҳасини танлаб, ҳамшираликка иш қидиришга қарор қилдим.
Нега айнан ҳамшираликни танладим? Чунки, бу доим хотин-қизлар учун серталаб иш бўлиб келган. Ҳатто одамлар ўртасида бу мутахассислик бўйича «шапкасиз» иш топишнинг деярли иложи йўқ деган фикр шаклланган.
Журналист ўз касбини ўзгартирди
Сайтни очиб ҳамширалик ишини қидира бошладим. Сайтда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан мингдан ортиқ бўш иш ўринлари, жумладан, 76 та ҳамшираликка бўш иш ўрни келтирилган. Бунда асосий иш берувчилар хусусий клиникалар бўлиб, камроқ давлат иш берувчи ташкилотлар ҳам мавжуд экан.
Биринчи эълон – ҳамшира керак бўлган ООО «TADJIYEVA ALLERGO-MEDICAL SERVICE» МЧЖга қўнғироқ қилиб, бўш иш ўринлари ҳақида маълумотга эга бўлмаган ходимга тушдим.
Кейинги қўнғироқлар ҳам бесамар кетди. Вилоят перинатал марказининг телефон рақами эса умуман жавоб бермади. Эндокринолог ҳамшира талаб қилинаётган Самарқанд шаҳридаги 10-сонли поликлиникада ҳам худди шундай ҳолат рўй берди.
Ўнлаб рақамларга қўнғироқ қилар эканман, ташкилотлар бўш иш ўринларини шунчаки жойлаштирилганинг амин бўлдим. Ташкилотларнинг бундай ҳаракатини қандай тушуниш мумкин? Эҳтимол уларга бундай қилиш буюрилгандир, деган фикр уйғонди менда.
Аммо саъй-ҳаракатларим бесамар кетмади, ва ниҳоят Самарқанд тиббиёт университетининг кўп тармоқли ихтисослаштирилган болалар хирургияси клиникасида суҳбатга ёзилишга муваффақ бўлдим. Улар бир вақтнинг ўзида бир нечта эълонларни сайтга жойлаштирган экан.
Суҳбатга мендан ташқари тиббиёт коллежи битирувчиси, беш йилдан буён ўз мутахассислиги бўйича иш тополмаётган, шаҳар супермаркетларидан бирида кассир бўлиб ишлаётган Сурайё Холмуродова ҳам бор экан.
– Коллежни тамомлагач, дарҳол иш излай бошладим, лекин ҳар гал рад жавобини беришди, – дейди ўз касбида ишлаш орзусида юрган Сурайё. – Мен хусусий клиникалар, амалиёт ўтаган жойим – вилоят перинатал маркази, кўп тармоқли ихтисослаштирилган болалар жарроҳлик клиникасидан иш қидирдим.
Сабабини билгач, аксарият иш берувчилар ҳузурига иш излаб келганларга узил-кесил бўш иш ўринлари йўқлигини айтишади. Лекин суҳбат ўтказадиганлари ҳам бор. Ачинарлиси, «мутахассис»ларнинг аксарияти ўз мутахассислиги бўйича оддий саволларга ҳам жавоб бера олмайди.
Малаканинг пастлиги иш топишга халақит беради
Эртаси куни Сурайё билан Самарқанд тиббиёт университети қошидаги вилоят болалар хирургияси клиникасига бордик. Кадрлар бўлими биз билан танишиб, бош ҳамшира қабулига – «интизор» кутилган суҳбатга юборди. Сурайёни суҳбатга таклиф қилишди. Аммо афсуски, қиз у ердан хафа бўлиб чиқди.
«Мен оддий саволларга жавоб бера олмадим, менга бешта савол беришди, фақат биттасига жавоб бердим. Ишга қабул қилинмаганимга ўзим айбдорман. Балки ҳозирги ишимни ташлаб, кейинги суҳбатга яхшилаб тайёрланишим керакдир», – деди қиз ранжиб.
– Тажриба ва малаканинг етишмаслиги у қадар даҳшатли эмас, энг ачинарлиси, ўз мутахассислигини яхши билмаслик, – дейди Республика тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва ихтисослаштириш маркази Самарқанд филиали директори Х.Эгамов. – Бизга кўпинча ишга тайёр бўлмаган, ҳатто бошланғич билимга эга бўлмаган ҳамширалар малака ошириш учун келишади. Табиийки, шунинг учун ҳам уларни ишга олиш рад этилади. Иш берувчилар эса малакали мутахассисларга муҳтож, мен ишонаманки, ўз касбини астойдил ўрганган, малакали ҳамшира ҳар доим ўзига иш топа олади.
Аҳолининг сўрови: бўш иш ўринлари билан боғлиқ муаммо ҳали ҳам мавжуд
Бир неча кун аввал телеграм-канали орқали вилоятимиз аҳолиси қандай қилиб иш топгани борасидаги фикрларини ўрганиш мақсадида сўровнома ўтказган эдик.
Унда икки мингга яқин киши қатнашди. Сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг 62 фоизи “классик услуб” (таниш-билиш орқали) иш топиш энг осон йўли деб жавоб беришган. Камроқ аҳоли (12%) самарали усул сифатида – меҳнат биржаси орқали иш топпиш мумкин деган жавобни белгилашган. Мени сўровнома остида аксарият аҳоли томонидан қолдирган шарҳлари ҳайратга солди. Шарҳларга кўра, кўпчилик иш топишни «пул ва танишлар» ҳисобига тезроқ ва самаралироқ топиш мумкин, деб ҳисоблашади.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бўш иш ўринлари йўқлигини тасдиқлади
Ҳамшира сифатида иш топиш аслида осон эмас. Тиббиёт коллежлари ва техникумларни ҳар йили 7 минг нафардан ортиқ битирувчилар тамомлайди, бундай ўқув муассасалардан 7 таси нафари вилоятда жойлашган. Ҳукумат иш берувчи ва битирувчи ўртасида ишга жойлаштириш бўйича шартномалар тузиш тизимини йўлга қўйга, аммо бу тизим фақат қоғозда қолмоқда. Аслида эса иш топишга жуда катта муаммолар мавжуд.
Бу фактни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Суҳроб Зайниев ҳам тасдиқлади:
– Ҳар бир тиббиёт муассасасида ҳамширалар учун таътиллар мустақил шакллантирилади. Бугунги кунга қадар 4600 дан ортиқ ҳамширалар мавжуд бўлиб, уларнинг 200 нафарга яқини ҳар йили иш билан таъминланган. Қолганлари ўз навбатини кутишмоқда. Иш билан таъминлашга тайёргарлик даражаси пастлиги, амалий кўникмалар камлиги иш билан таъминланишга тўсқинлик қилмоқда. Муносиб иш топиш учун эса, албатта, ҳар сафар рақобатбардошлик ва ўз малакасини доимий ошириб бориш талаб этилади.
Биз юқорида келтирган мисол ягона эмас. Коллежни тугатган Сурайё каби кўплаб йигит-қизлар иш топа олмай сарсон. Иш билан таъминлаш масаласи эса муаммолигича қолмоқда.
Ҳозирда ҳикоямиз қаҳрамони Сурайё Холмуродова республика соғломлаштириш маркази филиали курсларида малака оширмоқда. Яхши тайёргарлик ва касб маҳоратини ошириши унга азалий орзусини амалга оширишда ёрдам беради деган умиддамиз.