“Медиа-патрул” декабрь ойида Фарғона вилоятининг яна 3 та ҳудудида тадбирлар ўтказди

“Нуқтаи назар” газетаси таҳририяти томонидан ишлаб чиқилган “Медиа-патрул” лойиҳаси тўғрисида аввал хабар бериб ўтгандик. Мазкур лойиҳа жорий йилнинг декабрь ойида ҳам ўз фаолиятини давом эттириб, жамоа вилоятнинг Марғилон ва Қувасой шаҳарлари ҳамда Қўштепа туманида бўлди ҳамда ушбу ҳудудлардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари, ижтимоий соҳа ташкилотлари ва бошқа ташкилотларда медиасаводхонлик бўйича тадбирларни ўтказди.

Айниқса, таҳририятга тааллуқли бўлган “Саволлар олами” газетасининг алоҳида махсус сони тўлиғича “Медиа-патрул” лойиҳаси доирасидаги мавзулар остидаги материаллар бўйича қўлланма тарзида босмадан чиқарилганлиги ушбу газетани тадбирларда тарқатма материал сифатида барча иштирокчиларга бериб боришга қулай бўлаётганлигини алоҳида эътироф этиб ўтиш ўринлидир.

“Медиа-патрул” Марғилон шаҳрида бўлди

Медиасаводхонлик тарғиботчилари жамоаси шаҳарнинг “Янги боғ” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлишиб, бу ерда мазкур маҳалла фаоллари иштирокида тадбир ўтказдилар.

Дастлаб маҳалла фуқаролар йиғини биносида маҳалла фаоллари билан бир пиёла чой устида суҳбат ташкилланди. Унда лойиҳадан кўзланган мақсад бўйича тушунтиришлар берилиб, медиасаводхонлик, фейк хабарлар, шахсий маълумотлар, интернетдан фойдаланишдаги хавфсизлик қоидалари, спам, фишинг, кибербуллинг, интернетда банк пластик карталаридан фойдаланишдаги эҳтиёткорлик чоралари, болалаларни интернетдаги зарарли таъсирлардан асраш каби мавзуларда ўзаро фикр ва мулоҳазалар алмашилди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида маҳалла ҳовлисида “Медиа-патрул” лойиҳасини амалга ошириш учун тайёрланган автомашинага жойланган медиақурилмалар ёрдамида медиасаводхонлик йўналиши бўйича таҳририят томонидан тайёрланган бир неча роликлар намойиш қилинди.

ВИДЕО:

Бугун “Нуқтаи назар” газетаси таҳририяти масъуллари бизнинг маҳалламизга ташриф буюришиб, “Медиа-патрул” лойиҳаси тўғрисида, бугунги замонимизнинг энг долзарб масалаларидан бўлган медиасаводхонлик тўғрисида кенг тушунтиришлар беришди. Кўп нарсаларни тушуниб олдик. Ушбу олинган билимларни оилада, кўча-куйда, маҳалламиз вакиллари ўртасида тўғри тарғиб қилиб боришга ўзимизнинг ҳиссамизни қўшамиз, – дейишди Марғилон шаҳридаги “Янги боғ” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари Мўминов Муҳаммадхалил ва Ашуров Шералилар.

“Медиа-патрул” Қувасой шаҳрига ташриф буюрди

Медиасаводхонлик тарғиботчилари жамоаси Қувасой шаҳридаги 1-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабига ташриф буюриб, бу ерда ўқитувчи ва ўқувчилар учун интернет саводхонлиги тадбирини ўтказдилар. Тадбирда мактабнинг ўқитувчилар жамоаси аъзолари ҳамда юқори синф ўқувчилари фаол қатнашдилар.

Тадбир аввалида “Нуқтаи назар” газетаси таҳририяти томонидан медиасаводхонлик йўналишида тайёрланган роликлардан бир нечтаси намойиш қилинди. Роликларда намойиш қилинган мавзулар юзасидан иштирокчиларнинг фикрлари билан қизиқилди, уларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида унинг асосий мавзулари юзасидан иштирокчиларга атрофлича тушунтиришлар бериб ўтилиб, уларга тарқатма материаллар берилди ҳамда улар ўртасида махсус сўровнома ўтказилди.

ВИДЕО:

Қувасой шаҳар 1-ИДУМда “Нуқтаи назар” таҳририяти томонидан катта медиасаводхонлик семинарини ўтказилди. Семинарда устозлар ва ўқувчилар қатнашишди. Видеороликлар кўрсатилди, тушунчалар берилди. Тадбирдан биз, албатта, кўп нарсаларни олдик. Сабаби жамоамиздаги ўқитувчилар, қолаверса ўқувчилар ўртасида ҳам интернетдаги фирибгарларнинг тузоғига тушиб қолаётганлар йўқ, дея олмаймиз. Медиасаводхон бўлиш бугунги шиддат билан ривожланиб бораётган замонимизнинг талаби, – дейишди мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари.

“Медиа-патрул” жамоаси Қувасой шаҳрига ташрифи доирасида «Қувасой-stomalux» стоматологик клиникасида бўлиб, бу ерда шифокорлар, тиббиёт ҳамширалари ва хўжалик бўлими ходимлари ҳамда клиникага даволаниш истагида ташриф буюрган беморлар иштирокида тарғибот тадбирини ўтказдилар.

Унда иштирокчиларга медиасаводхонликнинг ўрни ва аҳамияти, фейк хабарлар ва уларни ажрата олиш, танқидий фикрлаш кўникмаларини шакллантириш, СМС ва банк карталари воситасидаги қаллобликлар, спам, фишинг, кибербуллинг, интернетда шахсий маълумотлардан фойдаланишда эҳтиёткорлик, болаларни интернетнинг зарарли таъсирларидан ҳимоя қилиш каби масалаларда атрофлича тушунтиришлар бериб ўтилди.

Тадбир доирасида газета таҳририяти томонидан медиасаводхонлик мавзуси бўйича тайёрланган роликлардан намуналар намойиш қилинди, тадбирга тарқатма материал сифатида алоҳида махсус чоп этилган “Саволлар олами” газетасидан барча иштирокчиларга, шунингдек клиниканинг тадбирда иштирок эта олмаган ходимларига ҳам берилди.

ВИДЕО:

Бошлаган ишларинг, яъни “Медиа-патрул” лойиҳаси менга жуда маъқул бўлди. Сабаби бугунги кунда интернетда фирибгарликлар кўпайиб кетган. Буни олдини олиш учун ёшларимизга мактабда, оилада доимий тушунтириш ишларини олиб боришимиз керак, – дейди тадбир иштирокчиси, Қувасой шаҳридаги «Қувасой – stomalux» стоматологик клиникаси шифокори Аваз Сангинов.

“Медиа-патрул” Қўштепанинг “Оқтепа”сида тадбир ўтказди

Декабрь тадбирлари доирасида “Медиа-патрул” Қўштепа туманининг “Оқтепа” маҳалла фуқаролар йиғинига ҳам ташриф буюриб, бу ерда маҳалла фуқаролар йиғини ҳовлисида мўъжазгина тадбир ўтказди. Тадбирда маҳалла фаоллари, нуроний отахонлар, таълим масканидан уйларига қайтаётган ўқувчи ёшлар иштирок этдилар.

Маҳалла фуқаролар йиғини гузарида, очиқ ҳавода ташкилланган мазкур тадбирда дастлаб лойиҳа ташкилотчилари томонидан медиасаводхонлик, танқидий фикрлаш кўникмаларини шакллантириш, фейк хабарлар ва уларни ҳақиқийларидан ажрата олишда нималарга эътибора қаратиш кераклиги, мобил алоқа воситаларидан фойдаланишда интернет хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш, СМСлар воситасидаги фирибгарликлар, банк пластик карточкаларидан фойдаланишда эътибор қаратилиши зарур бўлган ҳолатлар, интернет фирибгарларнинг тўрларига тушиб қолмаслик учун нима қилиш керак ва бошқа шу каби долзарб мавзуларда керакли ахборотлар етказилди.

Тадбирларни ўтказиш учун мослаштирилган автомашинага ўрнатилган қурилмалар ёрдамида газета таҳририяти томонидан мавзуга оид масалаларда тайёрланган роликлар намойиши ўтказилиб, барча иштирокчиларга тадбирга тарқатма материал сифатида алоҳида махсус чоп этилган газеталардан берилди.

ВИДЕО:

Мана бугун жуда эсда қоларли кун бўлди, маҳалламизга ташриф буюрган лойиҳа ташаббускорлари одамларимизга интернетдаги фирибгарликлари тўғрисида кенг тушунчалар беришди, маҳалла кўй учун бу жуда фойдали бўлди, – дейди Қўштепа тумани “Оқтепа” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи нуроний отахон Арабжон Турдибоев.

“Медиа-патрул” лойиҳасининг декабрь ойидаги тадбирларида жами бўлиб 75 та турли ёшдаги аҳоли вакиллари иштирок этдилар. Шуларнинг жинс таркиби бўйича: 45 таси эркаклар (60%), 30 таси аёллар (40%), ёш таркиби бўйича: 17 таси ёшлар (22,6%), 47 таси ўрта ёшдагилар (62,7%) ва 11 таси (14,7%) кексалардан иборат бўлди (маълумотлар қуйидаги инфографикада ўз аксини топган). 

Шундай қилиб лойиҳанинг декабрь ойи учун режалаштирилган тадбирлари ниҳоясига етиб, у энди 2023 январь ойидан ўз иш фаолиятини вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларида давом  эттиради.