Бугунги ахборот асри ҳар қандай шахсдан турли хил оммавий ахборот воситаларининг материалларига танқидий назарда қараш, таҳлил қилиш, тўғри баҳолаш ва ҳар-хил тарғиботни ажрата олиш учун керак бўлган билим ва кўникмаларга эга бўлишни талаб қилмоқда. Ушбу билим ва кўникмаларга беэътибор бўлиш эса шахсни турли нохуш ҳолатларга дучор қилиши, моддий ва маънавий зарар кўриб қолишига сабаб бўлиши мумкин.
Шу нуқтаи назардан “Нуқтаи назар” газетаси таҳриряити жамоаси томонидан шу кунга қадар ҳам турли одамларнинг медиасаводхонлиги даражасини ошириш, уларда бу борада турли билим ва кўникмаларни ҳосил қилиш йўналишида лойиҳалар амалга ошириб келинди. Ўша лойиҳалар доирасида медиасаводхонлик йўналишида ҳамда смартфонлардан фойдаланишда интернет хавфсизлиги масалаларида бир қатор роликлар тайёрланиб, газетанинг ютубдаги расмий каналига ҳам жойлаштирилди.
Бу борадаги ишлар босқичма-босқич давом эттириб борилиши билан эса “Медиа-патрул” лойиҳаси ишлаб чиқилиб, уни амалга ошириш сари илк қадамлар ҳам қўйилди. Лойиҳанинг асосий мақсади Фарғона вилоятидаги узоқ туман ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳоли вакилларини медисаводхонлик бўйича зарурий билим ва кўникмалар билан қуроллантириш, бу борадаги хатарлардан уларни хабардор қилиш, бу билан турли нохуш ҳолатларни олдини олишга ҳисса қўшишдан иборатдир.
Медиа-патрул Риштон туманида бўлди
Медиа-патрул илк фаолиятини Риштон туманидаги Зохидон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан бошлади. Масъуллар бу ерда аҳоли вакиллари билан учрашиб лойиҳанинг мақсад ва вазифалари билан уларни яқиндан таништирдилар.
Эътиборлиси, бу ерда Медиа-патрулга Риштон туман ҳокимининг ушбу ҳуддудаги ёрдамчиси, туман кенгаши депутати Аброржон Собировнинг ҳамроҳлик қилгани бўлди. У аҳоли вакиллари билан учрашувларни ташкиллаш, тадбирларни талаб даражасида ўтказиш ишларига яқиндан ёрдам берди.
Ушбу маҳалла ҳудудидаги Педагогика коллежи жамоаси билан учрашув ташкилланиб, тадбир иштирокчиларига медиасаводхонликнинг ўрни ва аҳамияти, фейк хабарлар ва уларни ажрата олиш, танқидий фикрлаш кўникмаларини шакллантириш, СМС ва банк карталари воситасидаги қаллобликлар, спам, фишинг, кибербуллинг, интернетда шахсий маълумотлардан фойдаланишда эҳтиёткорлик, болаларни интернетнинг зарарли таъсирларидан ҳимоя қилиш каби масалаларда фикр ва мулоҳазалар алмашилди ҳамда уларга Медиа-патрулнинг ушбу мавзулардаги роликларидан намуналар намойиши ўтказилди ҳамда тарқатма материаллар берилди.
Баҳодирхон Усмонов, лойиҳа волонтери:
– Мен кўп йиллардан буён интернетдан фаол фойдаланиб келаман ва бу борада ўзимни анчагина саводхонман деб юрардим. Лекин буни қарангки, бир сафар ҳатто ўзим ҳам интернет фирибгарларнинг тузоғига тушиб қолишимга сал қолди. Мен билан интернетда дўстлашган ва яшаш ватани Жанубий Африка деб кўрсатилган бир шахс менга хат ёзиб, катта миқдордаги мулкка меросхўрлигимни ва бу мулкни қўлга киритишим учун қилишим керак бўлган ҳаракатларни баён қилганди. Бу ишларни амалга ошириш учун эса дастлаб, унинг назарида арзимаган пулни ҳужжатлаштириш ишлари учун ўтказишим керак эди. Бошида унча ишонқирамаган бўлсамда, секин-секин у мени бу ишга қаттиқ қизиқтириб қўйди. Унинг далиллари анчагина ишончли эди. Лекин бошланғич пулларни ўтказиб беришгача борган пайтимда танишларим ва бу борада мутхасссис бўлган оадмларнинг маслаҳати мени бу йўлдан қайтариб қолди. Ҳозир ўйлаб кўрсам саробга ишонган эканман.
– Охирги вақтларда мен ҳам шу каби мазмундаги хатлардан олиб тураман. Биламан бунинг замирида нима турганлигини, лекин қани қаергача бораркин, деб бироз қўйиб бераман. Афсусланарли томони, бугунги кунда айрим интернет фирибгарлар қандайдир қийналган оилани расмини интернетга қўйиб, шуларга ёрдам қилайлик деган мазмунда матнлар ёзиб, одамларни алдамоқчи бўлган ҳолатлар ҳам учраб қолаётганлигидир. Биз бундай тузоқларга илиниб қолмаслигимиз учун аввал ўзимиз бироз билимли бўлишга интилишимиз, қолаверса яқинларимизга бу борада тушунтиришлар бериб, уларни ҳам турли нохуш ҳолатларга тушиб қолмасликлари учун ҳаракат қилишимиз керак.
Қуйидаги видеолавҳада тадбирнинг айрим иштирокчилари ўтказилган тадбирдан олган таассуротлари билан ўртоқлашади:
Медиа-патрул Бағдод туманига ташриф буюрди
Медиа-патрул Бағдод туманида Қўғоли маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ва аҳолиси билан учрашди. Маҳалла фуқаролар йиғини гузарида, очиқ ҳавода ташкилланган мазкур тадбирда дастлаб лойиҳа ташкилотчилари томонидан медиасаводхонлик, танқидий фикрлаш кўникмаларини шакллантириш, фейк хабарлар ва уларни ҳақиқийларидан ажрата олишда нималарга эътибора қаратиш кераклиги, мобил алоқа воситаларидан фойдаланишда интернет хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш, СМСлар воситасидаги фирибгарликлар, банк пластик карточкаларидан фойдаланишда эътибор қаратилиши зарур бўлган ҳолатлар, интернет фирибгарларнинг тўрларига тушиб қолмаслик учун нима қилиш керак ва бошқа шу каби долзарб мавзуларда керакли ахборотлар етказилди.
Тадбир савол-жавоб тарзида давом эттирилиб, саволларга ҳаётда содир бўлган турли интернет фирибгарликлар, улардан аҳоли вакилларига етказилган зарарлар мисоллар воситасида тушунтирилди. Медиа-патрулнинг ушбу мавзуларда тайёрланган роликларидан намуналар намойиш қилинди ва аҳоли вакилларига мазкур роликларни ўзлари ва яқинлари томонидан кўриш тавсиялари берилди.
Бағдод туман ҳокимининг ушбу ҳудуддаги ёрдамчиси Шерзоджон Мухамов томонидан аҳоли вакиллари билан учрашувни ташкиллаш ва талаб даражасида ўтказишда яқиндан ёрдам кўрсатилди.
– Яхши гаплар бўлди, халқимиз учун жуда фойдали. Агар бугун одам беэътибор бўлса пенсияга, ойлик иш ҳақига олган пулларни фирибгарларга ютқазиб қўйиши мумкин. Агар бу соҳада ҳушёр бўлса турли нохуш ҳолатларга тушиб қолмайди.
Олтиариқ туманида аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказилди
Олтиариқ туманида ўтказилган тадбирларда туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси, туман кенгаши депутати Бахтиёр Абдурахмонов тадбирларни ташкиллаш ва ўтказиш ишларида яқиндан ҳамкорлик қилди.
Медипатрул Олтиариқ туманига сафари давомида уруш ва меҳнат фахрийлари сиҳатгоҳида бўлиб, бу ерда дам олаётган фахрийлар ҳамда сиҳатгоҳ ишчи ходимлари билан учрашувлар ўтказди.
Тадбирлар Медиа-патрулнинг мавзуга оид тайёрланган роликларидан айримларини намойиш қилиш билан бошланди. Шундан сўнг иштирокчиларга медиасаводхонликнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти хусусида, мазкур мавзуга тааллуқли бўлган интернетдан хавфсиз ва самарали фойдаланиш, турли фирибгарликлардан огоҳ бўлиш, СМСлар, электрон манзилларга келган хатлардаги спам, фишинг ва бошқалардан эҳтиёт бўлиш, банк пластик карочкаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларга амал қилишни унутмаслик каби масалаларда тушунтиришлар бериб ўтилиб, тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди ҳамда тарқатма материаллар берилди.
Иш жараёни:
Тадбирнинг айрим иштирокчилари ўтказилган тадбирдан олган таассуротларини биз билан ўртоқлашдилар:
Олтиариқ туманида бугунги кунда узумчилик ва мева сабзавотларни сақлаш фаолияти кенг ривожланган. Бу ерда мева ва сабзавотларни сақлашга мўлжаланган бир неча совутгичлар фаолият кўрсатиб турибди. Совутгичларда эса аҳолининг турли қатламлари вакиллари меҳнат фаолияти олиб бормоқдалар.
Медиа-патруль шундай совутгичлардан бири – “Абдулхай саҳовати сари мевалари” МЧЖнинг раҳбар ва масъул ходимлари ҳамда ишчи хизматчилари билан учрашди. Лойиҳа ташаббускорлари томонидан юқоридаги масалаларда тушунтиришлар ўтказилгач, уларга керакли тушунчаларни ўз ичига олган тарқатма материаллар берилди.
Бахтиёр Абдурахмонов, туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси, туман кенгаши депутати:
– Бугун мана Олтиариқ туманимизга Медиа-патруль ташриф буюриб, жойларда аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказаяпти, биз бундан жуда хурсандмиз. Ўтказилган тадбир ва унинг асл мақсади бўйича иштирокчиларда жуда яхши тушунчалар шаклланди.
Медиа-патруль лойиҳасининг ноябрь ойидаги тадбирларида Риштон, Бағдод ва Олтиариқ туманларидан жами 70 нафар аҳоли вакиллари иштирок этиб, бу борада бошланғич ёки зарурий билимларга эга эга бўлдилар. Тадбир иштирокчиларининг жинс ва ёш таркиби бўйича маълумотлар таҳлили қуйидаги инфографикада кўрсатилган.
Лойиҳа декабрь ойида ўз иш фаолиятини вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларида давом эттиради.