2018 йил 1 октябрдан кучга кирадиган солиқ соҳасидаги асосий янгиликлар, ер участкаларини ажратиш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш, крипто-активлар оборотига доир янги қоидалар ва бошқа янгиликлар ҳақида Norma маълумот берди.
Оқибатларни юзага келтирадиган хронометраж, паспортлаштириш, автотураргоҳларга солиқ солиш ва сув солиғининг янги ставкалари
Биринчидан, шу пайтгача хронометраж натижалари солиқ тўловчини жавобгарликка тортиш учун асос бўлиб хизмат қила олмас эди. Бироқ 1 октябрдан принцип ўзгаради. Аввал солиқчилар хронометраж натижаларига кўра охирги ҳисобот даври учун камайтириб кўрсатилган тушумни ва ходимлар сонини қайта ҳисоб-китоб қилган ҳолда солиқларни ҳисоблашни амалга ошириш ҳақида талабнома юбориш ҳуқуқига эга бўладилар. Камайтириб кўрсатиш такроран аниқланганда, ушбу ҳаракатлар солиқ тўлашдан бўйин товлаш сифатида малакаланади.
Иккинчидан, солиқ тўловчиларни паспортлаштириш режалаштирилган муддатдан бирмунча олдин бошланади (норматив ҳужжатларга кўра у 1 октябрдан бошлаб тузилади). Тадбиркорлик субъекти рўйхатга олинган жойда фаолият юритаётгани текширилади, фаолият тури ўрганилади, ходимларининг ҳақиқатдаги сони ҳисоботда кўрсатилгани билан солиштирилади, ноқонуний тадбиркорлик далиллари аниқланади. Паспортлаштириш давомида тўпланган далиллар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун асос бўлади.
Учинчидан, қатъий белгиланган солиқни тўлаб келган автотураргоҳлар октябрдан ЯСТ ёки умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтишлари керак. Солиқ тушумлари устидан назорат ўрнатилади. Хусусан, барча автотураргоҳлар видеокузатув камералари ҳамда кириш ва чиқиш вақтини қайд этиш тизимини ўрнатишлари шарт.
Тўртинчидан, айрим сув истеъмолчилари сув ресурсларидан фойдаланганлик учун тўлайдиган солиқ миқдори оширилди. Саноатчилар (электр станциялари, коммунал хизматлар ва алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчилардан ташқари) октябрдан бошлаб ер усти сув ресурслари манбаларининг 1 куб метри учун 300 сўм ва ер ости сув ресурслари манбаларининг 1 куб метри учун 360 сўм тўлайдилар, бу ставкалар тахминан уч баравар оширилганини англатади. Автомобиль ювиш корхоналари эса тегишинча 1 000 ва 1 250 сўмдан ҳисоблашлари керак. Улар учун солиқ 10 баравардан ортиқ ошди.
Инвестиция лойиҳалари учун ер ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олишнинг янги қоидалари
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари 50 йилгача муддатга, лекин аризада кўрсатилганидан кам бўлмаган муддатга инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун узоқ муддатли ижарага берилади. Меҳмонхоналар, савдо объектлари, маданий-кўнгилочар мажмуалар, маиший хизмат кўрсатиш объектлари, таълим ва тиббиёт ташкилотлари, йўл инфратузилмаси ва бошқаларни қуриш учун ер участкаларига доимий эгалик қилиш ҳуқуқи аукцион орқали сотилади.
Бунда кўчмас мулкка (ер участкалари, бино ва иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтларга) бўлган ҳуқуқни рўйхатга олиш тўғрисида гувоҳнома бекор қилинади. Улар ўрнига электрон давлат реестрига тегишли ёзув киритилади. Асосийси, кўчмас мулк мулкдорлари (эгалари) ҳужжатлар билан ҳеч қаерга бормайдилар. Ёзув киритиш учун барча маълумотларни ҳокимликлар, нотариуслар, қурилиш бўлимлари ва бошқармалари, шунингдек бошқа муассасалар тақдим этадилар.
Айрим лицензияловчи органлар ўзгарди
Авиация, диний таълим ва қурилиш соҳасидаги фаолиятнинг 6 та тури бўйича лицензияловчи органлар ўзгарди. Бу кўплаб комиссиялар, қўмиталар, кенгашлар ва ишчи гуруҳлар тугатилиши билан боғлиқ. Умуман олганда, улар 81 тага камайди, яна 25 та шундай органларнинг иши оптималлаштирилди.
Лицензия олиш учун энди соҳа давлат муассасаларига мурожаат қилиш лозим. Эслатиб ўтамиз, бу жорий йилдаги лицензиялаш функцияларининг биринчи трансфери эмас. 1 июндан айрим лицензияларни бериш ваколатлари Ҳукуматдан қуйи турувчи идораларга ўтказилган.
Крипто-активлар обороти – лицензия бўйича
Крипто-активлар, яъни ўз қиммати ва эгасига эга бўлган блокчейндаги ёзувлар мажмуаси обороти билан энди фақат лицензия асосида шуғулланиш мумкин. Майнинг, крипто-активлар бозоридаги хизматлар ва крипто-биржалар фаолиятини ҳам лицензиялаш талаб этилади. Ушбу йўналишни лицензиялаш билан ЛБМА шуғулланади.
Кейинчалик Ўзбекистонда крипто-биржаларга қўйиладиган талаблар тасдиқланди: хорижий корхона, 30 000 ЭКИҲ (5,5 млрд сўмдан ортиқ) миқдоридаги устав фонди, электрон тизим, савдоларни амалга ошириш қоидаларининг мавжуд бўлиши, бозор котировкаларидан фойдаланиш ва савдолар ҳақидаги ахборотни 5 йил давомида сақлаш.
Таълим ва фан: мактабларнинг кузатув кенгашлари ва муаллифлик ҳақи
Умумтаълим муассасаларининг васийлик кенгашлари ўрнига кузатув кенгашлари ташкил этилади. Улар таркибига муассаса фаолиятига жиддий ҳисса қўшишга қодир энг фаол ота-оналар, битирувчилар, ҳомийлар ва бошқа шахслар киритилади.
Фан соҳасида эса қуйидагиларга қўшимча бир марталик мукофотлар жорий этилади:
• патентланган интеллектуал мулк объектлари муаллифларига – муассасанинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ЭКИҲнинг 10 баравари миқдорида;
• муаллифлар ҳамда илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини ишлаб чиқиш ва тижоратлаштиришда иштирок этган илмий жамоага – уларни тижоратлаштиришдан муассаса ҳисобига келиб тушаётган маблағларнинг тегишли равишда 40%и ва 30%и миқдорида.
Ижтимоий соҳа: нон учун компенсация, болалар нафақаларини индексациялаш
Ҳукумат илгари давлат томонидан тартибга солинган қолипли нон («буханка») нархини сентябрь ойининг ўртасида туширди ва ун нархини оширди. Бу айниқса аҳолининг ижтимоий қатламлари ҳамёнига зарар келтирмаслиги учун 1 октябрдан компенсация – ЭКИҲнинг 10%и жорий этилади.
Уни қуйидагилар олишлари мумкин:
• ёшга доир, ногиронлик бўйича нафақа, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақаси (ҳар бир боқимандага), болалигидан ногирон бўлган 16 ёшдан катта шахсларга нафақа, ногирон бўлган 16 ёшгача болаларга нафақа, шунингдек ёшга доир пенсиянингбелгиланган миқдоридан кам пенсия ва нафақа бўйича ҳар бир нафақа олувчига;
• бола 2 ёшга тўлгунга қадар уни парвариш қилиш бўйича нафақа олувчи ҳар бир оила, ўзини ўзи бошқариш органлари орқали моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оилага.
Параллель равишда 14 ёшгача фарзандлари бўлган оилаларга ойлик нафақа миқдорларини индексациялашга қарор қилинди. Октябрдан бошлаб улар қуйидаги миқдорни ташкил этади:
• 1 нафар фарзанди бўлган оилага – ЭКИҲнинг 60%и;
• 2 нафар фарзанди бўлган оилага – ЭКИҲнинг 100%и;
• 3 нафар ва ундан кўп фарзанди бўлган оилага – ЭКИҲнинг 140%.
Шунингдек октябрь ойида, ой бошидан бўлмаса ҳам, истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар ҳамда Маълумотлар узатиш тармоғи, шу жумладан Интернет хизматларини кўрсатишнинг янги қоидалари амал қила бошлайди.