Фарзандим бу йил мактабни битиряпти. Орзулари бир олам. Чел элда ўқишни, дунё кезишни орзу қилади. Ҳозир репетиторда тайёрланяпти. Ахир, ҳадемай институтларга қабул бошланади.
Уларнинг синфида ўғил болалардан кўра қизлар кўпроқ. 32 ўқувчидан 19 нафари қиз бола бўлиб, ўқишга иштиёқи баланд, иқтидорлилари кўп эди. Бир-бири билан кимўзарга, рақобат муҳитида ўқишган. Аммо, шунча қиздан атиги 2 нафари ўқишга топширишини эшитиб, ҳайрон бўлдим. «Қолганлар-чи?», деб берган саволимга ўғлим елка қисди…
Ўғлим ўқийдиган мактаб Андижоннинг Эски шаҳар ҳудудида жойлашган. Ҳар қаердан кўчиб келган, замонавий ёш оилалардан фарқли ўлароқ, бу ерда туб маҳаллий аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуддаги оилаларнинг аксариятида қиз болани ўқитишмайди.
Қизлари мактабни битираётган оналарнинг «Сўнгги қўнғироқ» тадбирида кўришганимизда айтган гаплари.
«Ўқитганим билан менга нима фойдаси бор, барибир эрга бервораман-ку. Ўқиб, олим бўлармиди?! Мактабидан қутулиб олсин, узатамиз. Ҳамма сеп сидирғасини тайёр қилиб қўйганман. Кейин ўқитадими-ишлатадими, тушган оиласи ҳал қилсин!»
Оминахон
уй бекаси, 48 ёш
«Аёл кишининг ўрни уйда, эри, болаларининг олдида. Кўчада юриб, ҳар хил ишларни кўради, ўзгаради. Қиз бола вояга етдими, эгасига топшириш керак. «Тенги чиқса – текинга бер», деган гап бор. Дадасиям, акалариям рухсат бермайди ўқишга.»
Фароғат
уй бекаси, 52 ёш
Гендер тенглигини таъминлашда улкан олға силжишлар бўлаётганига қарамай, мамлакатимизда қизларнинг ўқишини ёқламайдиган, «қиз боланинг ўрни – фақат уйда, ошхонада» деб биладиган оилаларнинг кўплиги ачинарли. Бунинг бир қатор сабаблари бор, улар сирасига ижтимоий, маданий ва диний омиллар; қиз бола шаънини авайлаш, замондан қўрқиш, ҳеч кимга ишонмаслик, таълим харажатларини қоплай олмаслик, билим олишга имконият йўқлиги, қизининг узатилган хонадонида ишлашга рухсат бермаслиги мумкинлиги, эрта никоҳ ва бошқалар киради.
«Уйдагилар билан гаплашинг,мен ҳам ўқишга кирай!»
Ҳар йили ўрта мактабларни юзлаб иқтидорли, орзулари бир олам бўлган ўқувчи қизлар битирадилар. Аммо, уларнинг ўндан биригина ўқишга кириш учун ҳаракат қилади, холос. Аччиқ бўлсада, буни тан олиш керак: кўпчилик қизларнинг ўқиш ҳақидаги орзулари армонлигича қолиб кетади.
Ҳар йили ўрта мактабларни юзлаб иқтидорли, орзулари бир олам бўлган ўқувчи қизлар битирадилар. Аммо, уларнинг ўндан биригина ўқишга кириш учун ҳаракат қилади, холос. Аччиқ бўлсада, буни тан олиш керак: кўпчилик қизларнинг ўқиш ҳақидаги орзулари армонлигича қолиб кетади.
«Шеърият – жону дилим. Шеърий китоблар мутолаа қилишни яхши кўраман. Ўзим ҳам шеър машқ қилиб тураман. Ҳеч бўлмаса, она тили ва адабиёт муаллимаси бўлмоқчи эдим. Дадам рухсат бермадилар. Ўқишга кираётган тенгдошларимга жуда ҳавасим келаяпти. Опа, уйдагилар билан гаплашинг, ҳамма айтганларини қиламан, мениям ўқишимга рухсат беришсин!»
Мухлиса
мактаб битирувчиси, 17 ёш
Шеър ёза олиш бахти ҳар кимга ҳам берилмаган. Бу – Оллоҳ томонидан инъом этилган иқтидор. Айримлар заррача иқтидори йўқ фарзандига бор имкониятларни яратиб бериб, уни қўллаб-қувватлайдилар. Ўқишга кириб олиши учун керак бўлса, миллионлаб пул сарфлайдилар. Аммо, «ўз ҳаракатим билан ўқишга кираман», деб турган ёш ўсмирнинг руҳини синдириш бориб турган зўравонлик-ку.
Ота-она бўлиш боланинг устидан тўлиқ ҳукмронлик қилиш ҳуқуқини бермайди. Аммо, айрим ўзбек оилаларида бу нарса шарқона тарбия, миллий менталитет ниқоби билан ўралади.
Фарзанд айниқса қиз бола бўлса, унга ҳамма нарсада таъқиқ қўйилади. Қиз бола ўқиш, истаган касбу ҳунарини танлаш, истаган жойига саёҳат қилиш ҳуқуқига эга эмас. Ва ҳатто ўзи танлаган инсон билан турмуш қуришга, севишга ҳам.
Қонун таъқиқламаган нарсаларни Оила таъқиқлайди. Қиз бола ота томонидан, ака томонидан доимий назоратда ушланади.
«Кейинги йилларда ўзлигимизга эга бўлдик, анъаналаримиз, тилимиз, динимиз қайтди, диний чекловлар олиб ташланди. Аммо, диний эркинлик берилгани – хотин-қизларни барча ҳуқуқлардан маҳрум қилиш, дегани эмас. Айрим оилалар юқори синфга ўтгандан сўнг қизларини мактабга юбормай қўядилар. 30 нафар ўқувчи ўқийдиган синфда бор-йўғи 5-6 нафар бола ўтиради. Давоматни тиклаш учун уйма-уй юрамиз, ота-оналарга ялинамиз. Гўёки, фарзанди биз учун ўқиб берадигандек. Онани-ку кўндириш мумкиндир, аммо отасини кўндириш мушкул. Вояга етиб, кўзга кўриниб қолган қизини номаҳрам эркаклар билан бир синфда, яъни битта хонада ўқишини хоҳламасмиш. Мажбурий таълим бўлгани учунгина, ойда-йилда бир мактабга жўнатадилар. Қизларини ҳатто жисмоний тарбия дарсига қатнашдирмайдиган оталарни кўриб ҳайрон бўламан. Аммо, афсуски, бу борада қўлимдан ҳеч нарса келмайди».
Шохиста Юсупова
ўқитувчи
«Бўлиши мумкин эмас, ҳозир 21 аср-ку, бундай оилалар йўқ, бўлса ҳам жуда кам», дейдиганлар ҳам топилади. Тўғри, бундайлар 35 миллионлик мамлакат аҳолисига нисбатан жуда кам миқдорни ташкил этар, балки. Бироқ, томчи йиғилиб дарёга айланганидек, бу ҳолатлар аста-секин кўпайиб бораётгани ташвишли ҳол. Шу тахлит қизлар тушунчаси тор, фақат диний билимлар билангина чекланиб қолган ота-оналари истагининг қурбонига айланадилар. Ўқиш, келажагини йўлга қўйиш ўрнига эрта узатилиб кетадилар. Касб танлаш борасида ҳам худди шу гапни айтиш мумкин. Жуда кам ҳолларда қизлар ўз орзуларидаги касбни эгаллайдилар. Шунда ҳам бу оила ўта замонавий, ўқимишли бўлса. Шунинг учун ўзбек қизлари орасида элчи, стюардесса, милиционер, учувчи аёллар жуда кам.
«Қизимни узатсам, эри ўзи боқиб олади!»
Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш, оила институтини қўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон хотин-қизларни ҳар қандай камситиш ва таҳқирлашдан ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қиладиган барча йирик халқаро шартномаларга қўшилган. Хотин-қизларнинг сифатли таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва ишга қабул қилиниши ҳамда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун қулай имкониятлар яратилган.
«Ўғлингни ўқитиб – эркакни тарбиялайсан,
қизингни ўқитиб –миллатни»
Мактабда аъло баҳоларга ўқиган ақлли, тиришқоқ дугонам бўларди
Ота-онаси уни ўқишга киришига рози бўлишмаган. Мактабни битириб, энг биринчи турмушга чиққан дугонам ҳам шу қиз бўлади. Турмуши давомида уч ўғиллик бўлди. Топармон-тутармон турмуш ўртоғи автоҳалокатга учраб, вафот этди. Ёш жувон вояга етмаган уч норасида ва кекса қайнона билан қолаверди. Ҳунари, ҳеч қандай касб-кори йўқ. Роса қийналди, мактабга фаррош бўлиб ишга кирди. Мен қизларини ё ўқитмай – ё ишлатмай, ёш турмушга узатиб юбораётган ота-оналарга дуч келсам, ҳар сафар шу дугонамнинг тақдири ҳақида гапириб бераман. Ахир, эртага нима бўлишини, тақдир бошимизга қандай кунлар солишини билмаймиз-ку!..
«Ўзбекистонда аёл кишининг илм билан шуғулланиши учун тўсиқлар кўпроқ оилада бор, деб ўйлайман. «Ўғлим мени боқади, қиз бола эса бировнинг хасми, бошқа оилага кетади», дейди. Тўғри, фарзандни уйли-жойли қилиш ҳам фарз, ҳам қарз. Лекин фарзандларни – қиз болами, ўғил болами, ўқитиш тарафдориман. Қиз болани келажак учун, фарзанд тарбияси учун ҳам ўқитиш керак. Фарзанд тарбиясида ўқиган ва ўқимаган аёлнинг фарқи барибир сезилади. Майли, қиз болани турмушга узатгандан кейин шароити ишлашни тақозо этмас. Лекин ўқимишли қиз фарзанд тарбиясини бошқачароқ олиб боради. Жамият учун керакли кадрларни ҳам шу қизлар дунёга келтириб, тарбиялайди».
Хуршида Убайдуллаева
олима, биология фанлари доктори
Донишмандларнинг бир гапи бор: «Ўғлингни ўқитиб – эркакни тарбиялайсан, қизингни ўқитиб – бутун миллатни!» Биз қизларимизни ўқитиб, бутун бир жамиятни тарбияловчи, бўлажак оналарни ўқитамиз. Маънавиятли, ўқимишли аёлнинг фарзанди эса албатта, комил инсон бўлиб етишади.
Бахт нима ўзи?
Кейинги 2 йил давомида ўқув марказда ёшларга журналистикадан сабоқ бериб келаман.
Таниқли журналист бўлиб дунё кезишни ният қилган ёшларнинг деярли 70 фоизини қизлар ташкил этади. Ўқув курсини битиргач, «уларнинг келгуси тақдири нима бўлди, ўқишни давом эттириш учун институтга ташладими, ёки бирон жойда ишлаяптими?», қизиқиб бораман. Аммо, ўқув курсини битирган кўплаб ўқувчи қизларимнинг орзулари юқорида айтганимдек, балоғат остонасида завол топади.
Пахтаободлик Муҳаррамой, Андижон шаҳридан Рухшона, Избосканлик Фотима, Марҳаматлик Моҳичеҳра, Олтинкўллик Гулбора… Бу қизлар ана шундай иқтидорли, «ўқийман» деган қизлар эди. Уларга журналистикада устозларимдан ўрганган бор билимларимни ўргатдим, амалиётда бирга олиб юрдим. Репортаж тайёрлаш, журналист этикаси, халқаро стандартлар бўйича дарс бердим. Аммо, афсусланарлиси, уларнинг биронтаси ҳам журналистика йўналишини танлай олмади. Бунга миллий менталитет, оилавий шароит, ота-оналарнинг қаршилиги йўл қўймади.
ХУЛОСА
Яқинда ёшлар орасида «Сизнингча бахт нима?» деган сўровнома ўтказдим