Мамлакатимизда ўтган давр мобайнида суд-ҳуқуқ соҳасидаги тарихий ислоҳотлар, энг аввало, мамлакатимизда суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, одил судлов самарадорлигини ошириш, шу орқали халқимизнинг судларга бўлган қатъий ишончини ошириш ва муносабатини ўзгартиришга қаратилган бўлиб, уларнинг амалиётга жорий этилиши бугунги кунда ўзининг аниқ самарасини бермоқда.
Жаҳон миқёсидаги жараёнларни ва мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда кейинги йилларда “Инсон қадри учун” тамойили асосида ҳалқимизнинг фаравонлигини янада ошириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида Президентимизнинг 2022 йил 28 январь кунги ПФ-60 сонли Фармонлари билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тасдиқланди.
Ушбу Фармонда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида, маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш механизмини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтиришга алоҳида аҳамият берилган.
Ҳозир кунда маъмурий судлар жисмоний ҳамда юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасида юзага келаётган низоларни ҳал этишга ихтисослашган судга айланди. Фуқаролар ва юридик шахслар давлат органлари мансабдор шахсларининг қарорлари ва хатти-ҳаракатларидан (ёки ҳаракатсизлиги) норози бўлган тақдирда бузилган ҳуқуқларини тиклаш ҳамда эркинларини руёбга чиқариш учун маъмурий судларга ариза билан мурожаат қилмоқдалар.
Масалан, 2022 йил 6 ойида Фарғона вилояти маъмурий судлари томонидан фуқаролар ва юридик шахсларнинг судга тақдим қилган 207 та аризалари қаноатлантирилиб, уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Жумладан, давлат органларининг 141 та қарорлари, шу жумладан маҳаллий ҳокимликларнинг 73 та қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган.
Бундан ташқари, давлат органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш юзасидан 46 та ариза ва шикоят қаноатлантирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январь кунги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-сонли Қарори қабул қилинди. Унга кўра давлат органлари томонидан суд қарорларини ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирча механизмларини жорий этиш кўзда тутилган.
Хусусан, Қарорга кўра, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий суд ваколатига ўтказиш;
Тарафларга, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқини бериш;
Давлат органлари ёки ташкилотлари оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорини у қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой давомида ижро қилиш ҳамда бу ҳақда маъмурий судга хабар бериш;
Давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича суд ҳужжати ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан суд жаримасини қўллаш;
Давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорининг такроран ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш амалиётини йўлга қўйиш;
Судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш белгиланган.
Мазкур Қарорга мувофиқ фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса, маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш мақсад қилинган.
Улуғбек АХМЕДОВ, Фарғона вилоят маъмурий судининг судьяси