Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган тадбирда Фарғона халқаро аэропортида божхоначиларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди, деб хабар берди ДХХ матбуот хизмати.
Фарғона халқаро аэропорти чегара-божхона пости бошлиғи вазифасини бажарувчи А.С. ўзининг бўйсунувида бўлган ходим Х.Ж. ва маҳаллий фуқаролар билан келишиб, моддий манфаатдорлик эвазига жуда кўп миқдордаги товар қимматликларни белгиланган тартибга зид равишда божхона назоратидан ўтказиб келган, дейилади хабарда. Товарлар хориждан келаётган йўловчилар номига расмийлаштирилиб олиб келинган.
Маълум бўлишича, фуқаролар А.Н. (1991 й.т.) ва Н.А. (1995 й.т.) «Домодедово — Фарғона» йўналишида Москва шаҳридан учиб келган 4 нафар йўловчи номига расмийлаштирилиб олиб келинган умумий қиймати 276,6 млн сўмлик товар қимматликларни қабул қилиб олган вақтида қўлга олинган. Шунингдек, мазкур товарлар Фарғона шаҳрида яшовчи тадбиркор Р.Б.(1988 й.т.)га тегишли эканлиги аниқланиб, у ҳам ушланган.
Терговга қадар текширув давомида Фарғона халқаро аэропорти чегара-божхона пости ходими Х.Ж. ўзининг бошлиғи А.С. нинг кўрсатмасига асосан ушбу товар қимматликларни белгиланган тартибга зид равишда божхона назоратидан ўтказиб юборгани маълум бўлган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан А.С. ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.