Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 июнь куни «Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорга имзо чекди.
Республика тез тиббий ёрдам маркази ва унинг 14 та ҳудудий филиали тез тиббий ёрдам хизмати ҳамда тиббий автохўжаликлар негизида ташкил қилинади ва тез тиббий ёрдамнинг ягона вертикал бошқарув тизими йўлга қўйилади.
Марказ ва унинг ҳудудий филиалларида ситуацион мувофиқлаштирувчи бўлимлар ташкил этилиб, туман (шаҳар) ва ҳудудлардаги тез тиббий ёрдам тизими фаолиятини таҳлиллар асосида бошқаради ва такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади.
2023 йил 1 сентябрга қадар Тошкент шаҳри тажрибаси асосида республиканинг бошқа ҳудудларида электрон автоматлаштирилган бошқарув тизими тўлиқ жорий қилинади.
1 декабрга қадар Андижон, Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари, 2023 йил 1 сентябрга қадар Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сирдарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятлари туман (шаҳар)ларидаги диспетчерлик хизматлари тугатилади.
Тошкент шаҳри тажрибаси асосида Марказнинг ҳудудий филиалларида — ягона Call-марказлар фаолияти йўлга қўйилади. Уларга чақирувларни қабул қилувчи ходимлар билан бирга шифокор ходимлардан иборатмахсус тиббий маслаҳат хизмати фаолияти ташкил этилади.
Қолаверса, саралаш орқали бемор аҳволи, касаллик тури ва оғирлик даражасига қараб чақирувларга тегишли тиббий бригадаларни йўналтириш тизими жорий этилади.
Бундан ташқари, тез тиббий ёрдамнинг туман (шаҳар) ёки ҳудуд чегарасидан қатъи назар — беморгача масофанинг яқинлигига қараб тиббий бригада йўналтирилади. Марказий туман (шаҳар) шифохоналари қабулхоналарини шошилинч хизмат кўрсатишга ва юқори технологик тиббий жиҳозларни ўрнатишга мослаштирилади.
Тез тиббий ёрдам автотранспорт воситаларига радиоалоқа воситалари ва GPS-трекерлар ўрнатилади, тез тиббий ёрдам бригадаларини планшетлар билан таъминланади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Кадастр агентлиги билан биргаликда 2022 йил якунига қадар 10 мингта кўчага ном бериш ишларини якунлаш вазифаси топширилди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тез тиббий ёрдам хизматини ташкил этиш ва рақамлаштириш учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан камида 85 миллиард сўм миқдордаги маблағларни ССВ ҳузуридаги Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармасига йўналтиради. Қолаверса, ССВнинг Жаҳон банки шошилинч хизматларни ривожлантириш лойиҳаси доирасида 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар тез ва шошилинч тиббий ёрдамни рақамлаштириш тадбирларига йўналтирилади.
ССВга 2022 йил якунига қадар мавжуд ўринлар ва штат бирликлари доирасида марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимларидаги ўринлари педиатрия, терапия ва хирургия бўлимлари таркибига ўтказилиб, беморларни касалликнинг оғирлик даражаси бўйича саралайдиган (триаж) туну-кун ишлайдиган шошилинч қабул бўлимларини ташкил этади.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудий филиаллари ҳамда барча туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида шошилинч қабул бўлимлари фаолияти йўлга қўйилади.
Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 1-сон, Яшнобод туманидаги 4-сон, Юнусобод туманидаги 7-сон шаҳар клиник шифохоналари ҳамда Учтепа туманидаги Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси таркибида алоҳида юридик мақомга эга бўлмаган туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил қилинади.
Республика тез тиббий ёрдам маркази ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, уларнинг ҳудудий филиаллари ҳамда туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизмат турларидан ташқари хизматларни пуллик асосда ташкил этишга рухсат берилди.
Янги ташкил этилаётган туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларини жиҳозлаш учун Жаҳон банкининг «Ўзбекистонда COVID-19 коронавируси инфекциясига қарши курашиш бўйича шошилинч чораларни кўриш» лойиҳаси доирасида иқтисод қилинган маблағлар йўналтирилади.