Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россияда қалбаки ҳужжатлар ҳақида огоҳлантирмоқда

Ташқи ишлар вазирлиги Россиядаги ўзбекистонликларга сохта ҳужжатлар тайёрлардан фойдаланмаслик тўғрисида огоҳлантириш берди.

Қайд этилишича, федерациядаги консуллик муассасалари фаолияти давомида Ўзбекистон фуқаролари томонидан қалбаки ҳужжатлар тақдим этиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Ўзбекистон ва бошқа давлатларнинг турли хил сохта ҳужжатларини тайёрлаб бериш “хизмат” таклифлари Telegram иловаси орқали тарқалаётгани маълум.

Шу каби ҳолатларда бирида, фуқаро Э.М.Р. қалбаки “Ватанга қайтиш гувоҳномаси”ни расмийлаштирган ва Ўзбекистонга чипта олиш жараёнида ҳужжатнинг сохталиги аниқланган. Қозон шаҳридаги Бош консулхона ҳаракатлари билан у Россия Жиноят кодекси 322 ва 327-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этишининг олди олинган.

Бошқа бир вазиятда эса, фуқаро О.Б.Б. ушбу йўл билан фуқаро X.М.А. билан тузилган қалбаки никоҳ асосида “никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома”ни расмийлаштирган ва Россия фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларидан ўз фарзанди О.М.Б. га “туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома”ни олгани маълум бўлган.

Вазирлик фуқароларга ҳужжатларни расмийлаштиришда фақат Ўзбекистон ваколатли давлат органларига мурожаат қилиш тавсия этди.