Тошкент шаҳрида «Яшнобод тумангаз» таъминоти бўлими хизмат бошлиғи жиноят устида ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар қилди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Яшнобод туман бўлими томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда «Яшнобод тумангаз» таъминоти бўлимининг Аҳоли истеъмолчилар билан ишлаш хизмати бошлиғи Ф.Х. фуқаро Б.нинг хонадонидаги газ сарфи қарздорлиги учун ҳисобланган 4 миллион сўм пеняни қайта ҳисоб-китоб қилиш орқали йўқ қилиб беришни ваъда қилгани аниқланди.
У эвазига пора талаб қилиб, ўз хизмат хонасида 2,5 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.