Замон шиддат билан ривожланмоқда. Ахборот-технологиялари, интернет, ижтимоий тармоқлар ва электрон пул ўтказмалари турмуш тарзимизнинг бир қисмига айланиб улгургани бор гап. Ушбу омиллар инсоннинг турмуш тарзи, касби ва кундалик ҳаётида қатор қулайликларни келтириб чиқардики, бунинг ижобий жиҳатлари тўғрисида кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Бироқ бугун биз сўз юритмоқчи бўлган мавзу интернет тармоғи ёки у билан боғлиқ бошқа тармоқларнинг фойдали жиҳатлари эмас, балки мазкур тармоқлар фаолияти ва имкониятларидан фойдаланган ҳолда ўзининг ғараз ниятларини амалга ошириб келаётган айрим шахслар ҳақидадир.
Афсуски, кўпчилик ижтимоий тармоқлар орқали юборилган “Сиз фалон миллион сўм ютуққа эга бўлдингиз”, деган хабарни кўриши билан шошиб қолади. Табиийки, бу хабарни ким юборганию, манбаанинг ишончлилигини текшириб кўриш ҳаёлига ҳам келмаслиги мумкин. Тезроқ хабарда кўрсатилган ютуқни олиш пайида бўлади.
Мазкур хабарлар асосан, одамларни ишонтириш мақсадида, канал ёки компаниялар расмий номининг бир оз ўзгартирилган шаклидан фойдаланган ҳолда юборилади. Масалан, “Payme” расмий иловасидан “Сиз 50 миллион сўм бонусга эга бўлдингиз”, деган хабар келади. Бундай ютуқдан эсанкираб қолган фуқаро хабар юборилган интернет манзилининг тўлиқ номи “Paymetk.uz” эканига эътибор қаратиб хам ўтирмайди.
Сайтга киришингиз билан сиздан ютуқни пул ўтказмаси орқали олишингизни таъминлаш мақсадида, пластик карта рақамингиз ва унинг амал қилиш муддатини кўрсатиш сўралади. Сиз ушбу маълумотларни киритишингиз билан, уяли телефонингизга СМС хабарнома орқали код юборилади. Албатта, сиздан мазкур код рақамини сайтда ёзишингизни сўровчи электрон ойна пайдо бўлади. Ваъда қилинган 50 миллион ютуқни тезроқ олиш мақсадида кодни ҳам ёзиб юборасиз.
Ва ниҳоят, энг қизиқ жойи! Пластик картангизда мавжуд маблағ қаергадир ғойиб бўлади. Пластик картангизда маблағ йўқ бўлса ёки жуда кам миқдорда маблағ бўлса, сизни “лох” қилмоқчи бўлганлар устидан мийиғингизда кулиб ҳам қўярсиз. Аксинча бўлсачи?!
Унутмаслик керакки, сизнинг пластик картангизга пул ўтказиш учун ҳеч қачон унинг амал қилиш муддати ёки юборилган СМС хабарнома керак бўлмайди. Бундай маълумотлар сиздан сўраляптими, билингки сиз ФИРИБГАРлар тузоғига яқинсиз.
Афсуски, мана шундай кўзга кўринмас фирибгарлар тузоғига тушиб қолаётган ватандошларимиз мингларча топилади. Инсонларнинг ҳалол топган пулини алдов йўли билан қўлга киритиш ва бу орқали бойлик орттиришни ўзига касб қилиб олган нафс бандалари ҳам ундан кам эмас.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси “Фирибгарлик” деб номланади. Фирибгарлик жиноятининг мазмунида алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш ҳаракатлари ётади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисмида “Фирибгарлик:
а) анча миқдорда;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади” деб кўрсатилган.
Жиноятчику жазосини олар, алданган фуқарога етказилган моддий зарар ҳам қопланар. Лекин оддийгина ҳавфсизлик қоидаларини билмаслик, ўзига тегишли қонуний маблағларни ойлаб давом этган тергов ва суд жараёнлари натижасида қайтариб олиш, энг асосийси қимматли вақтимиз ва асабимиздан айрилишимизга арзирмикан.
Б.Юлдашев, Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси