Барчамизга яхши маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони билан “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” тасдиқланди. Стратегия бу маълум даврда, муайян мақсадларга эришишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи ҳисобланди. Президент Фармони билан тасдиқланган Стратегия Ўзбекистон Республикасининг келгуси 5 йилликдаги тараққиётида асосий йўналишларни белгилаб беради.
Фармон билан тасдиқланган Стратегия жамоатчилик ва барча соҳа вакиллари томонидан қизиқиш ва масъулият билан кутиб олинди. Сабаби, мазкур Стратегияда жамият ва давлат, ҳар бир соҳани ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди.
Жумладан, Тараққиёт стратегиясининг 2-йўналиши “Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш” деб номланди. Табиийки, мазкур йўналишда мамлакатимизда одил судловни амалга ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш, бу соҳада демократик тамойилларга асосланган ҳолда инсон қадрига бўлган эътиборни янада кучайтириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш тадбирларини амалга ошириш назарда тутилган.
“Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш” йўналишининг 15-мақсади “Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш” деб номланиб, унда қуйидаги тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.
Маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтириш.
“Хабеас корпус” институтини янада ривожлантириш орқали тергов устидан суд назоратини кучайтириш.
Суд процессида томонларнинг ҳақиқий тенглик ва тортишув тамойилларини рўёбга чиқариш.
Судлар тизимида “ягона дарча” тамойилини кенг жорий этиш мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъий назар қабул қилиш ва ваколатли судга юбориш ҳамда муайян иш доирасида барча ҳуқуқий оқибатларни ҳал қилишни таъминлаш тизимини жорий этиш.
Суд тизимини босқичма-босқич рақамлаштириш, бюрократик ғов ва тўсиқларни бартараф этиш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини тубдан ошириш.
Низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларидан кенг фойдаланиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, ярашув институтини қўллаш доирасини янада кенгайтириш.
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашда судьялар ҳамжамияти органларининг ролини янада ошириш, судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини кенг жорий этиш ҳамда судьяларга ғайриқонуний тарзда таъсир ўтказишнинг олдини олиш бўйича таъсирчан механизмларни яратиш.
Судьялар корпусини шакллантиришда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, суд тизимидаги раҳбарлик лавозимларига тайинлашда сайланиш ва ҳисобдорлик каби демократик тамойилларни жорий этиш.
Суд тизимини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш ишларини олиб бориш.
Мазкур йўналишдаги тадбирларнинг амалга оширилиши шахсан Президент назоратида бўлиб, 2022 йилнинг дастлабки Президент қарорларидан бири маъмурий судлар фаолияти самарадорлигини янада оширишга бағишланди.
Хусусан, 2022 йил 29 январь куни Ўзебкистон Республикаси Президентининг ПҚ-107-сонли “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан маъмурий судлар фаолиятида қатор ислоҳотлар амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
Жумладан, “маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш;
ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш;
маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш;
оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш” назарда тутилган.
Таъкидалаш керакки, мазкур ислоҳотлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимининг самарадорлиги ошишига, маъмурий судларнинг қонун устуворлиги принципини таъминлашдаги аҳамиятининг кўтарилишига олиб келади.
Б.Юлдашев, Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси