Бугунги кунда Зангиотадаги махсус шифохоналарга мурожаат қилаётганларнинг аксарияти енгил даражадаги беморларни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусанов маълум қилди, дея унинг сўзларини келтирмоқда ССВ.
Унинг сўзларига кўра, касалликнинг «дельта» ва «британча» мутациялари беморларда анча оғир кечган бўлса, унинг янги тури аксинча бироз енгил ўтаяпти.
4 январга қадар «Зангиота 1-сон» шифохонасига кунига 65−70 бемор мурожаат қилган, шундан 70 фоизи ётқизилган. 5 январдан аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари ошаётгани боис шифохонага мурожаат қилаётганлар сони ҳам кескин кўпайган.
Беморларда иситма, бўғимларда оғриқ, бош оғриғи, ҳолсизлик каби оддий респиратор белгилар билангина намоён бўлмоқда.
«5 январдан бошлаб шифохонага келаётган 90−95% беморда сатурациянинг пасайиши ва ўпканинг зарарланиши кузатилмаяпти, — дея таъкидлади шифокор. — Вируснинг жиддий асоратлар билан кечиши нисбатан кам. Ўпкада зарарланиш [ҳозирги пайтда] деярли кузатилмаяпти. Даволаниш муддати эса қисқариб, ўртача 5 кунни ташкил қилмоқда. Энг муҳими, оғир аҳволдаги беморларни даволашда ишлатиладиган вирусга қарши „Ремдесивир“ ва бошқа дори воситаларига бўлган эхтиёж камайди».
Натижада бугунги кунда 190 ўринга мўлжалланган жонлантириш бўлимида даволанаётган беморлар сони сезиларли даражада қисқарди. Ваҳоланки, «дельта» штамми авж олган ўтган йил ёз ойларида реанимацион бўлимларда беморлар сони анча кўп эди.
«Шундай экан, юртдошларимиздан ортиқча саросимага берилмасликларини, зарурат бўлмаганда юқумли касалликларни даволаш муассасаларига бормасликларини, агар ўзларида касаллик белгиларини сезса, дарҳол оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларга, пойтахтимиз аҳолиси эса Тошкент шаҳрининг 12 та туманида ташкил этилган махсус поликлиникаларга мурожаат қилишларини сўраймиз», — деди Анвар Ҳусанов.
«Энг муҳими, бевосита коронавирусга чалинган беморларни даволаётган амалиётчи шифокор сифатида барчани касалликка қарши эмланишга, агар вакцина олган бўлса, бустер дозаларини олишга чақириб қоламан», — дея қўшимча қилди.