2020-2021 йилларда вилоятда замонавий телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида 11,2 минг рақамли 20 та замонавий телекоммуникация қурилмалари ўрнатилиб, станциялар сони 160 тага ва умумий сиғими эса 143,0 минг рақамга етказилди. 2021 йил давомида уланиш портларини 22528 донага кенгайтириш режаси ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар ушбу режанинг бажарилиши амалга оширилмоқда.
Шунингдек, йил давомида 2000 км (62 млрд. сўм) масофада оптик толали алоқа кабеллари тортилиши режалаштирилган бўлиб, филиал томонидан кўплаб истиқболли лойиҳалар қурилишлар манзилли рўйхатига киритилган объектлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қондириш, вилоят ҳудудидаги инфратузилма объектлари ҳамда аҳоли ва ташкилотларга телекоммуникация хизматлари тақдим этилиши учун жами 1026 км (51,3%) оптик толали алоқа кабеллари тортилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрь кунги ПҚ-3931-сонли, 2018 йил 30 сентябрь кунги ПҚ-3955-сонли Қарорлари, 2018 йил 7 декабрь кунги ПФ-5590-сонли Фармони, 2020 йил 18 феврал кунги ПҚ-4602-сонли қарорлари билан вилоятдаги 3180 та ижтимоий соҳа объектларидан 3160 таси (режага нисбатан 99,3 фоиз), жумладан 948 та (100%) халқ таълими, 835 та (100%) мактабгача таълим, 347 та (100%) тиббиёт муассасаларигача 2624,7 км масофада оптик толали алоқа кабеллари ётқизилиб, интернетдан фойдаланиш имкони яратилди.
Шунингдек, вилоятдаги 1050 та МФЙ биноларидан 1030 таси белгиланган тартибда юқори тезликдаги Интернет хизматларига уланган.
Вилоятда мобил алоқа қамровини кенгайтириш ва сифатини яхшилаш мақсадида 2021 йилда 36 та янги база станциялари ўрнатилди ва 387 та мавжуд база станциялари тезкор интернет технологияси асосида модернизация қилинди.
Натижада ҳудуддаги аҳоли масканлари мобил алоқа билан 99 фоиз ҳамда тезкор мобил интернет билан 89 фоизга қамраб олинди (2021 йил якунида мобил алоқа 100 фоиз, мобил интернет 95 фоиз ва 2022 йил якунида мобил интернет 100 фоизга етказилиши режалаштирилган).
Телекоммуникация транспорт тармоғининг ўтказувчанлик қобилияти вилоят маркази даражасида 400 Гбит/секундни, туманлар даражасида 40 Гбит/секундни ташкил этмоқда.
Вилоят аҳоли яшаш масканлари 100 фоиз рақамли телевидение сигналлари билан қамраб олинган. Бунинг учун вилоятда 10 та (Фарғона РТСда 3 та, Қўқон РТСда 4 та, Сўх РТСда 3 та) юқори қувватли ва чекка аҳоли масканларида 8 та (Фарғона тумани Чимён, Шохимардон, Ёрдон, Ўзбекистон тумани Шўрсув, Сўх тумани Малбут, Қизилқиёқ, Олтиариқ тумани маркази, Қувасой шаҳри Мўян аҳоли пунктларида 1 тадан) кам қувватли рақамли телеузаткичлар ўрнатилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги 2021 йил 2 апрелдаги ПҚ-5048-сон қарори асосида вилоятдаги 19 туман ва шаҳарларда 180 та қишлоқ (маҳалла)да дастур доирасида қатор ишларни бажариш режалаштирилган. Режага асосан бугунги кунга қадар: “Обод қишлоқ” дастури доирасида вилоят бўйича намунавий 38 МФЙ танлаб олинган бўлиб, уларга 8 та мавжуд мобил алоқа база станциясини модернизация қилиш (400 млн. сўм) ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Ҳозирда режадаги 6 та намунавий МФЙ ларда мобил алоқа операторлари томонидан модернизация ишлари (300 млн. сўм) якунига етказилган.
“Обод маҳалла” дастури доирасида 180 та МФЙларда 152 та мавжуд алоқа база станцияларини модернизация қилиш ишлари (7600 млн. сўм) режалаштирилган. Ҳозирда мобил алоқа операторлари томонидан 119 та мавжуд база станциялари модернизация қилинган (5950 млн. сўм).
Бундан ташқари “Обод маҳалла” дастури доирасида “Ўзбектелеком” АК томонидан 38 та МФЙ ларда 357 км ОТАЛ тортиш (8925 млн сўм) ва аҳолига телекоммуникация хизматларини кўрсатиш режалаштирилган. Ҳозирда “Ўзбектелеком” АК томонидан ҳудудларда 123,9 км миқдорида ОТАЛ ташкил этилган (3 097 млн. сўм).
Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат буйича давлат инспекциясининг Фарғона вилояти ҳудудий инспекцияси