Наманганда ЙПХ инспекторига пора таклиф қилган ҳайдовчи қўлга олинди

Наманган вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори жорий йил 26 август куни Мингбулоқ туманида Damas русумли автомобилни тўхтатиб, ҳайдовчи машинани ишонч қоғозисиз бошқариб юрганлигини аниқлади. Бу ҳақда ЙҲХБ матбуот хизмати маълум қилди.

Ушбу ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштириб, машина жарима майдончасига келтирилади. Ҳайдовчи жарима қўлламаслик ва автомобилни чиқариб бериш учун инспекторга пора таклиф қилади. Инспектор эса ушбу таклиф ҳақида тегишли тартибда раҳбариятни огоҳлантиради.

Мингбулоқ туманида жойлашган жарима майдончасида ҳайдовчи ЙПХ инпекторига олдиндан таклиф қилган 100 минг сўмни пора сифатида бераётганда ИИБ ўз хавфсизлиги бўлими ва прокуратура ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Мингбулоқ туманида яшовчи Д. Аъзамжонга нисбатан туман прокуратураси томонидан шу куннинг ўзида ЖКнинг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.