Хизмат сафари учун суткалик харажат суммасини ҳисоботда акс эттириш тартиби қандай?

САВОЛ: 

МВ ва ДСҚнинг 04.03.2013 йилдаги 23, 2013-8-сон қарори билан тасдиқланган “ЖШДС бўйича солиқ ҳисоботи шакллари” 1-иловасининг изоҳ қисми 2-бандини тушунтириб беришингизни сураймиз. Сафар харажатлари учун нормалардан ортиқча кундалик харажатлар ва бошка моддий наф тарзидаги даромадларни ҳисобланиши ва тўланишини ҳисоботларда акс эттиришни шартли мисол орқали тушунтириб беришингизни сўраймиз. Масалан, ходимга 25.08 да 7 кунлик сафар харажати учун 500 минг сўм аванс (100 минги нормадан ортиқча) тўланди. Сафар муддати чўзилиб 9 кунни ташкил этди, натижада 03.09 даги бўнак ҳисоботига 6970 счётда 100 минг қарздорлик (20 минг нормадан отиқча) пайдо бўлди ва шу куни тўланди.

И. Давронов, Наманган шаҳри.

ЖАВОБ: 

Хизмат сафари учун берилган норма доирасидаги маблағ жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисоботи шаклларида кўрсатилмайди. Хизмат сафари харажатлари учун аванс тариқасида берилган суммалар улар берилган пайтда солиқ ҳисоботида акс эттирилмайди. Номадан ортиқ суткалик маблағ – компенсация тўлови ҳисобланади ва меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадга киради (СКнинг 174-моддаси). Бу сумма ой охирида ҳисоблаб ёзиладиган иш ҳақига қўшилиб, жами ҳисоблаб ёзилган суммадан ЖШДС ушлаб қолинади, шунингдек ундан ижтимоий тўлов бадали ушлаб қолинади ва ЯИТга тортилади (СКнинг 306,307-моддалари).

Сизнинг ҳолатингизда нормадан ортиқча ҳисобланган сумма ҳисоботнинг (АВда 2013 йил 22 мартда 2439-сон билан рўйхатга олинган шаклга 1-иловда) 2 ва 3- устунларида ой охирида ҳисобланган иш ҳақи таркибида кўрсатилади, яъни иш ҳақининг ичида ўтиради. Ходимга берилган 20 минг сўм ҳисоботнинг 10-устунида аванс шаклида берилган сумма сифатида ушбу сумма берилган санада (3 сентябрда) акс эттирилади.

Хизмат сафари харажатлари бўйича ходимга бўлган қарздорлик суммасини акс эттиришда, нормадан ортиқ сумма (20 минг сўм) аввал дебет бўйича харажатларга олинганда кредит бўйича 6710 “Иш ҳақи бўйича қарздорлик” счётига ёзилади ва шу пайтнинг ўзида мазкур счёт айнан шу суммага дебет қилиниб, 6970 “Ҳисобдор шахсларга бўлган қарз” счётининг кредитига ўтказилади. Бунда 6710 счётининг кредитига тушган сумма ой охирида ҳисобланган иш ҳақи билан бирга ЖШДС ва суғурта бадалига тортилади.

Саволга ҳуқуқшунос Камолиддин Тилябоев жавоб берди.