Фарғонада ўз рафиқасининг қотилига айланган фуқарога нисбатан суд ҳукми ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судида ўз рафиқасининг қотилига айланган фуқарога нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Д.Сотволдиев Д.Ортиқова билан қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қурган. Икки нафар фарзанди бор. Ўзаро оилавий келишмовчиликлар сабаб улар кейинги йилларда алоҳида яшаб келган.

2018 йил 11 апрель куни соат 23:00 ларда Д.Ортиқова турмуш ўртоғи Д.Сотволдиевнинг Риштон тумани, «Ёшлик» маҳалласида жойлашган яшаш хонадонига келиб, ўғли М.Ортиқовни ўзи билан олиб кетишини айтади. Д.Сотволдиев табиийки, эътироз билдиради. Ўғли ҳеч қаерга бормаслигини, шу ерда қолишини айтиб, жанжал кўтаради.

Жанжал давомида хотинининг ҳақоратларидан жаҳли чиққан Д.Сотволдиев ошхона пичоғини олиб чиқиб, баданининг турли жойларига уради ва оғир тан жароҳати етказади. Оқибатда Д.Ортиқова шифохонада вафот этади.

Мазкур жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг раиси М.Мирзажонов томонидан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Фарғона шаҳар ва Риштон тумани кенгашлари, хотин-қизлар қўмитаси, кенг жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Суд мажлиси давомида судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг, судланувчи ва жабрланувчи истиқомат қилган ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг кўрсатувлари тингланди. Суд ҳукми билан Д.Сотволдиевга Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланиб, 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

5.JPG

Суд томонидан Д.Сотволдиевга жазо тайинлашда содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, жабрланувчи қонуний вакилининг талабини инобатга олиш билан бирга, судланувчининг шахсини, оилавий шароитини, муқаддам судланмаганини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, жабрланувчининг ахлоққа зид хулқ-атвори таъсири остида жиноят содир этганини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳолаб, унга нисбатан у айбланаётган модда санкциясида назарда тутилган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг кам қисмидан ҳам камроқ миқдорда жазо тайинланди.