Ҳадяни қайтариб олсам бўладими?

САВОЛ: 

2013 йилда куёвимга автомобиль совға қилгандим. Бу нарса нотариал расмийлаштирилган. Шуни қайтариб олса бўладими?

Равшан. С. Фарғона шаҳри.

ЖАВОБ: 

Бу масала Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади. Унга кўра қуйидаги ҳолларда суд орқали ҳадя шартномасини бекор қилинишини талаб қилиш мумкин:

– ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг, унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши атайлаб жиноят содир қилган ҳолларда;

– агар ҳадя олувчининг ҳадя қилувчи учун катта номулкий қийматга эга бўлган ҳадя буюмга нисбатан муомаласи унинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши хавфини солса;

– якка тадбиркор ёки юридик шахснинг банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қоидаларини бузиб, банкрот деб эълон қилинишидан олдинги бир йил ичида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ маблағлар ҳисобидан қилган ҳадяси.

Бундан ташқари ҳадя шартномасида ҳадя олувчи ҳадя қилувчидан олдин вафот этган тақдирда ҳадя қилувчининг ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқи шарт қилиб қўйилиши мумкин.

Ҳадя олувчи ҳадя қилувчини қасддан ўлдирган тақдирда ҳадя қилувчининг ворислари судда ҳадяни бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга.

Саволга ҳуқуқшунос Камолиддин Тилябоев жавоб берди.