Депутатлар участка нозирлари ваколатларини кенгайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллашмади

19 апрель куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар таянч пунктларининг профилактика (катта) инспекторларига электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва жазо қўллаш ваколатини бериш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллашмади.

Парламент қонунчилик палатаси матбуот хизматининг хабар беришича, депутатлар ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика (катта) инспекторларига қўшимча тариқасида берилаётган вазифалар қатор муаммоларни, жумладан, бу уларда асосий ишидан ташқари иш кўлами ортишига, манфаатлар тўқнашуви, коррупцион ҳолатлар кўпайишига сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлашган.

Мунозараларда иштирок этган ИИВ масъуллари ҳам белгиланаётган нормаларга қўшилмасликларини билдириб, ҳозирда профилактика инспекторлари зиммасига кўплаб вазифалар юклатилаётгани, ҳар қайси жиҳатдан ёндашилган тақдирда ҳам қўйилган вазифани бажаришга амалий вақт етмаслигини, профилактика инспекторлари бу соҳада алоҳида мутахассис эмасликларини қайд этишди.