Чет элга чиқиш қайси ҳолатларда чекланади?

САВОЛ: 

 Мен ўтган йили 8 миллион сўм кредит олган эдим. Кредитни ёпиш учун яна 2 йил тўлов қилишим зарур. Россияга ишлаш мақсадида бормоқчи бўлсам мени чегарадан қайтаришлари мумкинми?

М. Касимов, Андижон вилояти.

ЖАВОБ: 

Баъзида қандайдир сабаб билан аэропорт ёки вокзалдан чиқишига “запрет” бор экан деб қайтариб юборилган одамлар ҳақида эшитиб қоламиз. Ўз ўзидан савол туғилади, кимларнинг Ўзбекистондан чиқиши чекланади?

Амалдаги қонунчиликка кўра қуйидаги сабаблар чет элга бориш ҳуқуқини чеклаш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин деб маълумот берилди Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» каналида:

  • а) агар шахс давлат сири ҳисобланган маълумотлардан воқиф бўлса ёки унинг чет элга боришига монелик қилувчи бошқа шартнома, контракт мажбуриятлари амалда бўлса — бу ҳолатларнинг амал қилиши тугагунга қадар;
  • б) агар шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилган бўлса — иш бўйича якуний қарор қабул қилингунга қадар;
  • в) агар шахс суднинг ҳукми билан алоҳида хавфли рецидивист деб тан олинган ёки ички ишлар органларининг маъмурий назорати остида бўлса — судланганлик бекор қилинмагун (олиб ташланмагун)га қадар ёки назорат қилиш тўхтатилгунгача;
  • г) агар шахсда суд томонидан юкланган ижро этилмаган мажбуриятлар бўлса — мажбуриятлар ижро этилгунга қадар;
  • д) агар шахс ўзи тўғрисида қасддан сохта маълумотларни берган бўлса;
  • е) агар судда шахсга нисбатан фуқаролик даъвоси қўзғатилган бўлса — иш кўриб чиқилгунга қадар;
  • ж) агар шахс чақириқ участкасида рўйхатга олинган ва ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматга чақирилиши керак бўлса — ҳақиқий муддатли хизматни ёки сафарбарлик чақируви захирасидаги хизматни ўтагунга қадар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ундан озод қилингунга қадар;
  • з) агар шахсга нисбатан Ички ишлар вазирлигида ёки Ташқи ишлар вазирлигида ваколатли органларнинг ушбу шахснинг чет элда бўлган вақтда келган мамлакати қонунларини бузганлиги тўғрисидаги ахбороти, шунингдек бориши мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатадиган ахбороти мавжуд бўлса — ахборот ҳисобга олинган кундан бошлаб икки йил ўтгунга қадар.

Юқоридаги ҳолатларнинг аксарияти тушунарли ва чеклаш қўлланилган шахс ундан жуда яхши хабардор бўлади.

Шу билан бирга, амалиётдан маълумки айниқса коммунал соҳада, шахслар ўзларига нисбатан қарздорликни ундириш бўйича суд қарори борлигини билишмайди ёки унутиб қўйишади.

Бунда шуни ҳисобга олиш лозимки, судни қарзни ундириш бўйича тегишли ҳужжати мавжуд бўлиб, давлат ижрочилари томонидан ижро иши очилган бўлса шахсга нисбатан хорижга чиқишга тақиқ жорий этилган бўлиши мумкин.

Хорижга чиқишни чеклаш фақатгина энг кам иш ҳақининг икки бараваридан ортиқ қарздорлик учун қўлланилади.

Давлат ижрочисининг қарздорнинг чиқиш ҳуқуқларини вақтинча чеклаш тўғрисидаги қарори ижро этилиши шарт ва фақат суд ёки давлат ижрочиси томонидан қонунда белгиланган тартибда тўхтатилади.

Давлат ижрочиси қарорининг ижроси ички ишлар ва Давлат чегарасини қўриқлаш органлари томонидан муҳокама қилинишига, тўхтатилишига ёки бошқача тарзда тўсқинлик қилинишига йўл қўйилмайди.

Юқоридагиларга кўра яқин орада чет элга сафар қилишни режалаштираётган шахслар барча қарзларини тўлаганликларига амин бўлиши лозим.

Тақиқ бор-йўқлигини эса https://mib.uz/restriction манзили орқали текшириб кўриш мумкин.

Агар шахсга тақиқ қўлланилган бўлса у қарзларни тўлагандан кейин ижрочидан тақиқ олиб ташланганига аниқлик киритиб олиши лозим.

Бунда тўлиқ ишонч ҳосил қилиш учун албатта расман ёзма равишда мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ.

Саволга ҳуқуқшунос Камолиддин Тилябоев жавоб берди.