Ўзбекистон, Тожикистон, Венесуэла, Германия, Сурия ва Шри-Ланкадан бўлган хорижлик талабалар, аспирантлар, ординатор ва тайёрлов факультетлари тингловчиларига ўқишларини давом эттиришлари учун Россияга қайтишга рухсат берилди. РФ ҳукумати 31 март куни бу ҳақдаги фармойишни қабул қилди, дея хабар берди Россия Фан ва олий таълим вазирлиги.
Чет эллик талабалар Россияга киришларидан аввал энг камида 10 кун муқаддам электрон почта орқали университетни чегарани кесиб ўтиш санаси ҳақида хабардор қилиши лозим. Электрон почтага хат жўнатилганидан кейин кириш тўғрисидаги ахборот келади.
Россияга келишдан энг камида 3 календар кун муқаддам талаба ПЦР услубида COVID-19га тест топшириши, агарда натижа манфий чиқса, ўз мамлакатида рус ёки инглиз тилида тегишли ҳужжатни олиши керак.
Хорижлик таълим олувчилар Россияга ҳудудига кирганларидан сўнг 72 соат давомида қайтадан ПЦР-тест топширишлари лозим. Тест натижаларини олгунларига қадар улар яшаш жойларида ўз-ўзини изоляцияда тутишлари талаб қилинади. Изоляция давомида таълим онлайн форматда бўлиб ўтади. Қайтадан тест топширмаган талабалар юзма-юз ўқишга киритилмайди.
Ўз-ўзини изоляция қилиш давомида Россияга келган чет эллик талабаларда ўткир респиратор касалликларнинг илк аломатлари (ҳароратнинг ошиши, томоқ оғриши, шамоллаш, йўтал) пайдо бўлса, таълим олувчи зудлик билан бу ҳақда университетни хабардор қилиши ва шифокор чақириши лозим.
Чет эллик талабалар, аспирантлар, ординаторлар, тайёргарлик факультетлари талабалари учун Россияга келишидан олдин ва ундан кейинги биринчи ҳафталарда нима қилиш кераклиги тўғрисидаги босқичма-босқич кўрсатмалар уларга электрон почта орқали юборилади, университет веб-сайтларида ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилади.
Талабаларда саволлар туғилса, Фан ва олий таълим вазирлигининг Ситуацион марказига +7(495)198−00−00 телефон рақами ёки scminobr@mail.ru электрон почтаси орқали мурожаат қилишлари мумкин.