Имтиёздан фойдалансам бўладими?

САВОЛ: 
Хозирда мен шу имтиёзни қўллаш ва 2017 ҳамда 2018 йиллар учун иш ҳақимни қайта хисоб-китоб қилиб бериш тўғрисида ариза билан чиқсам қонуний бўладими?
Мен 2017 йил 6 июлда Наманган Давлат Универстетини битириб «География ўқитувчиси» дипломини олдим ва 2017 йил сентябрь ойидан 33-мактабда ўқитувчи сифатида иш бошладим. Президентнинг 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги ПФ-5106-сон Фармонининг 13-банди таълим муассасасини тамомлаганига уч йил бўлмаган, биринчи марта ишга қабул қилинган ёшларга даромад солиғини биринчи йил учун 50 фоиз, иккинчи ва учинчи йиллар учун эса 25 фоизга камайтириш тўғрисда имтиёз борлигини билдим.
И. Р. Наманган шаҳри.
 ЖАВОБ: 

Ҳа, имтиёзлардан фойдаланишингиз мумкин, шунингдек аввалги даврлар учун иш ҳақини қайта ҳисоб-китоб қилишни талаб қилишга ҳуқуқингиз бор.

Солиқ Кодексининг 38-моддасига биноан солиқ тўловчи солиқ даври тугаганидан кейин беш йил ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ортиқча тўланган суммаларини ҳисобга олишни ёки қайтаришни талаб қилишга ҳақли.

Агар корхонада 2017 йили ходимнинг даромадидан солиқ суммасини ушлаб қолишда тегишли имтиёзларни инобатга олмаган бўлса, ходим бу ҳақида ариза ёзиши ва унинг иш ҳақини қайта ҳисоб-китоб қилишни талаб қилиши мумкин.

Жисмоний шахслардан ушлаб қолинадиган даромад солиғи унинг йиллик даромадидан ўсиб борувчи якун билан ҳисобланади, шунинг учун ходимнинг 2018 йилдаги даромадига нисбатан солиқ имтиёзини жорий даврдан (яъни, хозирги ойдан) бошлаб қўллаш мумкин.

Саволга ҳуқуқшунос Камолиддин Тилябоев жавоб берди.