Офатлар юз берганлиги оқибатида жисмоний шахсларнинг айбисиз йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган ва тикланишда тегишли тўловлардан озод қилинадиган муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатлар рўйхати тасдиқланди.
2021 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларни тиклашда давлат божи ҳамда герб, консуллик йиғими ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғим ва давлат хизматларини кўрсатганлик учун белгиланган тўловлардан озод этилади:
а) қуйидаги ҳужжатларни тиклашда:
Ўзбекистон фуқароси, Ўзбекистон ҳудудида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахс ва хорижий фуқаронинг ID-картаси (Ўзбекистон фуқаросининг биометрик паспорти);
Ўзбекистон фуқаросининг ҳамда Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахснинг хорижга чиқиш учун биометрик ҳаракатланиш ҳужжати;
Ўзбекистонга қайтиш учун гувоҳнома;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча бўлиб турган чет эл фуқаросига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга берилган паспортнинг ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатнинг йўқолганлиги ҳақидаги маълумотнома;
Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эллик фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга яшаш учун рухсатнома;
Ўзбекистонга таклиф қилиш тўғрисидаги гувоҳнома;
Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасалари томонидан расмийлаштириладиган маълумотномалар;
б) Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасалари томонидан талаб қилиб олинадиган қуйидаги ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари ва дубликатлари, шунингдек уларнинг мавжудлиги ҳақида маълумотномаларни тиклашда:
транспорт воситасининг давлат рўйхатидан ўтказилганлик гувоҳномаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва йўқотилган ҳайдовчилик гувоҳномаси ўрнига вақтинчалик рухсатнома;
туғилганлик ҳақида гувоҳнома, никоҳ тузилганлиги ва никоҳдан ажралганлик ҳақида гувоҳномалар, ўлим ҳақида гувоҳнома;
нотариал тасдиқланган ҳужжатларнинг дубликатлари, ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари ҳамда реестрлардан кўчирмалар.
Шарти – юқорида санаб ўтилган ҳужжатлар табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар (турар, нотурар жойнинг ёнғини ёки қулаши, транспорт воситасининг ёнғини) юз берганлиги оқибатида эгасининг айбисиз йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган бўлиши лозим.
Бундан ташқари, ушбу ҳолатларда ҳужжат эгаси бўлган жисмоний шахсларга нисбатан жазо чоралари қўлланилмайди.
Зарурат туғилганда, офатлар юз берганлиги ҳолатларини тасдиқлаш, ҳужжатни тиклаш ваколати бўлган давлат органининг сўровига асосан:
Ўзбекистон ҳудудида – ФВВ томонидан бериладиган маълумотнома асосида;
хорижий давлатлар ҳудудида – хорижий давлат ваколатли идоралари томонидан берилган ва легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган ёхуд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ расмийлаштирилган маълумотнома асосида амалга оширилади. Бундай маълумотнома мавжуд бўлмаган тақдирда, ҳужжат ТИВ орқали дипломатик ваколатхоналар ёки консуллик муассасаларидан олинадиган маълумотнома асосида тикланади.
Офатлар юз беришида муайян шахслар (ташкилотлар) айбдор бўлса, ҳужжатларни тиклаганлик учун тўловлар ва бошқа ҳақиқий харажатлар улардан регресс тартибида ундирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.10.2020 йилдан кучга кирди.