Ўзбекистон Адлия вазирлиги қонунчиликка фуқаронинг тасвирига бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги меъёрни киритиш таклиф қилинган қонун лойиҳасини муҳокама учун эълон қилди.
Ҳужжатга кўра, Фуқаролик кодексига 100−1-модда (фуқаронинг тасвирига бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилиш) билан тўлдириш режалаштирилмоқда.
Унда: «Фуқарони тасвирга (шу жумладан, фото тасвирини ҳамда унинг тасвири акс этган видео тасвир ёки тасвирий санъат асарини яратиш) тушириш, шунингдек унинг тасвиридан фойдаланиш учун ушбу фуқаронинг розилиги, агар фуқаро вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, унинг қонуний вакиллари розилиги талаб этилади», деб келтирилган.
Бундан қуйидаги ҳоллар мустасно:
тасвирдан давлат ёки жамият манфаатлари учун фойдаланилганда. Бунга тасвирдан ҳуқуқбузарликка қарши курашиш мақсадида, давлат ва (ёки) жамият хавфсизлигига таҳдид солувчи воқеа-ҳодисалар ҳақида хабар беришда, тасвирдаги шахснинг жиноят содир этганлиги ёки бедарак йўқолганлиги сабабли қидирув эълон қилишда, шунингдек давлат хизматчиларининг хизмат вазифаларини бажариши жараёнидаги тасвиридан фойдаланиш ҳоллари киради.
фуқаро оммавий тадбирларда (концерт, байрам сайиллари ва бошқа)ва жамоат жойларида (умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, таълим муассасалари, ҳайвонот боғи, истироҳат боғлари, кўчалар ва бошқа) тасвирланган ҳамда тасвирдан фойдаланишдан мақсад фақат ушбу жойлардаги умумий жараёнларни намойиш этиш бўлса;
давлат ва жамоат арбоблари ҳамда илм-фан, маданият ва бошқа соҳалар таниқли вакилларининг тасвиридан жамият учун катта қизиқиш уйғотадиган ахборотни тарқатиш мақсадларида фойдаланилганда;
фуқарони тасвирга тушириш ва (ёки) унинг тасвиридан фойдаланишдан мақсад ушбу фуқаронинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлса;
Фуқаронинг тасвиридан фойдаланиш деганда уни тарқатиш, қайта ишлаш ва намойиш этиш тушунилади. Агар вафот этган фуқаронинг фарзандлари, эри (хотини) ёки ота-онаси бўлса, уларнинг розилигисиз ушбу фуқаронинг тасвиридан фойдаланилишига йўл қўйилмайди.
Фуқарони тасвирга тушириш ва (ёки) унинг тасвиридан фойдаланишга розилик ёзма ёки оғзаки шаклда ёҳуд бошқа розиликни яққол кўрсатувчи ҳаракатлар орқали билдирилади.
Фуқарони тасвирга туширишга ва (ёки) унинг тасвиридан фойдаланишга берилган розилик ушбу розиликни олган шахсдан бошқа шахсларга ушбу тасвирдан фойдаланиш ҳуқуқини бермайди.
Фуқаронинг ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган талабларга риоя қилинмасдан туширилган ва (ёки) фойдаланилган тасвири сақланаётган манбадан (фотоаппарат, камера, мобил телефон ва бошқа ускуналар хотирасидан) ўчириб ташланиши, фуқаронинг тасвири акс эттирилган моддий неъматларнинг йўқ қилиниши ва муомаладан чиқарилиши, шунингдек ҳар қандай босма ва электрон оммавий ахборот воситаларидан, Интернет тармоғидан ҳамда ташқи реклама ва реклама хусусиятига эга бўлган тарқатма материаллардан олиб ташланиши лозим.
Агар фуқарони тасвирга туширган ва (ёки) унинг тасвиридан фойдаланган учинчи шахс (лар) томонидан ушбу модданинг бешинчи қисми талаблари ихтиёрий равишда бажарилмаганда фуқаро (вафот этган бўлса — унинг фарзандлари, эри (хотини) ёки ота-онаси, вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса — қонуний вакиллари) бундай талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
Ушбу модда талабларига риоя этилмаслиги оқибатида фуқарога ва ушбу фуқарони тасвирга туширган ва (ёки) унинг тасвиридан фойдаланувчи шахсга етказилган зарарлар ва маънавий зиённи ундириш суд тартибида ҳал қилинади.
Аввалроқ Адлия вазирлиги ўз мақоласида миллий қонунчиликда фуқароларнинг тасвирга олишга бўлган ҳуқуқлари дахлсизлиги чегаралари аниқ белгиланмаганлиги ҳақида маълум қилиб ўтган эди.
Хусусан, қонун ҳужжатларида фуқародан оммавий тадбирлар вақтида ёки жамоат жойларида уни тасвирга олиш ва ундан фойдаланиш учун рухсат олиш ёки ундан рухсат олмаслик талаблари тўғрисидаги масалалар кўзда тутилмаган.
Адлия вазирлиги бир қатор мамлакатларда — Аргентина, Австрия, Бельгия, Дания, Хитой, АҚШ, Исроил, Италия, Россия, Швеция ва бошқа мамлакатларда фото ва видео суратга олиш учун шахснинг рухсати талаб қилинмайди, аммо Бразилия, Испания ва Швейцарияда бу талаб қилинади.
Лойиҳа билан батафсил танишиш, таклиф ва мулоҳазаларингизни 8 мартга қадар билдиришингиз мумкин.