1 сентябрдан никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 ёш этиб белгиланди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 август куни Оила кодексига ўзгартишлар киритишни кўзда тутувчи қонунни имзолади. Ҳужжат 17 август куни Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 24 августда Сенат томонидан маъқулланган эди.
Амалдаги қонунчиликда (Оила кодексининг 15-моддаси) аёллар учун никоҳ ёши 17 ёшни ташкил этади.
Бунда узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.
Статистик маълумотларга кўра, 2016 йилда ФҲДЁ органлари 4233 нафар, 2017 йилда 4853 нафар ва 2018 йилда 5123 нафар 17 ёшдаги қизнинг никоҳини рўйхатга олган.
Аёллар учун никоҳ ёшини ошириш тўғрисидаги масала 2012 йилдан буён муҳокама қилиб келинмоқда. Қайд этилишича, ушбу янгилик узлуксиз таълим тизими учун шароитлар яратиш ҳамда оналар ва болалар саломатлигини сақлаш мақсадида жорий этилмоқда.