Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини regulation.gov.uz сайтига муҳокамага қўйди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Қонун лойиҳаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси долзарблиги, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг қўшимча механизмларини ишлаб чиқиш зарурияти бўлганлиги билан аҳамиятли.
Ҳар йили 400 нафардан кўпроқ Меҳрибонлик уйлари битирувчиларининг 60 нафари олий ўқув юртларида ўқишни давом эттирмоқда. Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш ҳамда ҳуқуқини тиклаш масалалари тўлиқ ҳал қилинмаган.
Ушбу тоифадаги болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш турли хил норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган. Лекин уларнинг таълим олиш, иш билан таъминлаш, тиббий хизмат кўрсатиш, уй-жой ва бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланиш каби турли хил ҳаётий вазиятлардаги ижтимоий ҳимоясини тўлиқ таъминлаш имконини бермайди.
Қонун лойиҳаси 3 та боб ва 24 та моддадан иборат. Қонун лойиҳасининг биринчи бобида — умумий қоидалар, қонунда қўлланилган асосий тушунчалар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари, етим, шунингдек, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, ёмон муомала, бепарволик, эксплуатация ҳамда зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш ўрин олган.
Иккинчи боб — етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳуқуқларининг асосий кафолати, таълим олиши, уларга тиббий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий хизматларни олиш, рўйхатдан ўтиш жойи ва фуқаролигидан қатъий назар, яшаш жойлари, мулк, меҳнат, давлат органларига мурожаат қилиш, ҳуқуқий ёрдам, суд ҳимояси, фуқаролик, уй-жой, мулк, меҳнат, ҳуқуқини ўз ичига олади.
Учинчи боб — якуний қоидалар, етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни молиявий таъминлаш бўйича чора-тадбирлар тартибини ва ушбу қонун лойиҳасида белгиланган низом қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни белгилайди.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг барча жиҳатлари ва уларнинг ҳуқуқий аҳамиятини оширишга хизмат қилади.
«Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокамаси 5 август кунига қадар давом этади.