Биринчиси, хабарда нотариал ҳаракатлар учун мижоз томонидан амалга оширилган тўловнинг аниқ миқдори кўрсатилган бўлади. Яъни, нотариат ходими талабига асосан ёки кассада мижоз томонидан тўланган пул миқдорини СМС хабарда кўрсатилган қонуний тўловлар миқдори билан солиштириш имконияти пайдо бўлади.
Маълумот учун: бугунги кунда нотариус хизматлари учун давлат божи, пуллик хизмат ва бошқа тўловлар электрон тизим орқали автоматик равишда шакллантирилади, яъни бу жараёнда инсон омили иштирок этмайди. Шунинг учун, ҳар бир мижоз тўловларни компьютерда шакллантирилган ва белгиланган кўринишдаги квитанция асосида амалга ошириши лозим. Бу эса, тўловларнинг 100 фоиз давлат ҳисоб рақамига ўтказилишини кафолатлайди. СМС хабар мижоз тўлаган пулнинг қонуний миқдорини яна бир марта текшириш ва ҳотиржам бўлиш имконини беради.
Иккинчиси, нотариал ҳаракатни охирига етказиш учун СМС хабар орқали тўртта рақамли код мижознинг телефонига юборилади. Нотариус ушбу тасдиқловчи кодни электрон тизимга киритгандан сўнггина нотариал ҳаракатни амалга оширишни расман якунлашга рухсат этилади.
Бунда ушбу код нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун калит вазифасини бажаради.
Уяли телефони йўқ шахслар бу янгиликдан қандай фойдаланади?
Бугунги кунда уяли телефони йўқ кишилар жамиятимизда жуда озчиликни ташкил қилади. Агар бундай ҳолат бўлса, мижознинг бирор қариндоши ёки танишининг телефони орқали ушбу хабарни олиши ва тасдиқловчи кодни нотариусга айтиши орқали нотариал ҳаракатни амалга ошириши мумкин. Шундай шахслар ҳам топилмаган ҳолда, истисно тариқасида нотариат идораси ходимлари телефон рақамидан фойдаланишга йўл қўйилади. Республикадаги барча ходимларнинг телефонлари олдиндан базага киритилган бўлади. Нотариат идораси ходими телефон номеридан фойдаланилганда, электрон тизимга алоҳида белги қўйилади ва адлия органлари томонидан айнан бир хил телефон номерлар қайта-қайта ишлатилган ҳолатларда автоматик тизим ёрдамида доимий назорат қилиб борилади.
«СМС хабар» электрон тизимидан кутилаётган натижа:
1. Нотариал идораларда коррупцион ҳолатлар бартараф этилишига сезиларли таъсир қилади.
2. Нотариуслар томонидан ортиқча пул ундириш имкониятини кескин чеклайди (чунки ҳар бир мижоз қонуний қанча пул тўланганини билиб олади).
Агар мижоздан ортиқча тўлов ундирилганлиги аниқланса, шу заҳоти Адлия вазирлигининг «1008» ишонч телефонига қўнғироқ қилиш, бу ҳақда шикоят қолдириш ёки нотариуснинг ўзига тафовут сабаби юзасидан қатъий ва жуда ноқулай саволни бериш мумкин бўлади.