Янгиланган 128−4-моддага кўра (эндиликда у «Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан тўхташ чизиғини» деб номланади), светофорнинг тақиқловчи сигналида ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасида йўлнинг қатнов қисмидаги йўл чизиқлари ёки йўл белгилари билан белгиланган тўхташ чизиғини босиб кириш, — энг кам иш ҳақининг иккидан бир (0,5) баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтиши учун жарима эса ўзгаришсиз қолди — энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида. Мазкур ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Айни шу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо икки марта қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.