Адлия вазирлиги томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақидаги хабарлар ўз вақтида етказилишини ва дарҳол ушбу ҳолатларни аниқлаш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этилишини таъминлашга қўшимча имконият яратиш мақсадида телеграм ижтимоий тармоғида «@antikorbot» номли махсус бот яратилди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.
Эндиликда, Адлия вазирлиги ва унинг тизимидаги таълим муассасаларида ноқонуний ишлар, жумладан коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақида ушбу бот орқали хабар беришингиз мумкин бўлади.
Бунда, юборилган хабарлар белгиланган тартибда кўриб чиқилади ҳамда мурожаат қилувчининг шахси қатъий сир сақланиши кафолатланади.
Шунингдек, маълумот тариқасида:
туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш — энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан (4 млн 54 минг 600 сўмдан) олтмиш бараваригача (12 млн 163 минг 800 сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши;
туҳмат қилиш, шундай ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, — энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваригача (40 млн 546 минг сўмгача) миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мумкинлигини маълум қиламиз.