Фуқаролар йиғинлари раисларининг ваколат муддати 2019 йил май ойида тугаши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилнинг май ойида ўтказиладиган сайловда 9 минг 19 нафар фуқаролар йиғини раиси сайланиши белгиланди.
Айни пайтда сайловни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш борасида жойларда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашида сайловга оид маълумотларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш, оммавий ахборот воситалари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича Республика комиссиясининг штаби тузилди.
“Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича вилоятлардаги 9 минг 19 маҳаллада тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. Ушбу тадбирларда 2,6 миллион нафарга яқин аҳоли қамраб олинди. Бундан ташқари, сайлов натижаларига кўра, маҳалла органларини шакллантиришга оид ҳужжатлар намуналари тўплами ишлаб чиқилиб, барча ҳудудларга етказилди.
Мутахассислар жойларда маҳаллалар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий ва туман (шаҳар)лар кенгашларининг 1 714 нафар ходими учун “Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини самарали ташкил этиш ва ўтказиш масалалари” мавзусида ўқув-семинарлар ўтказди.
– Фуқаролар йиғинлари бўйича сайлов ёшига тўлган 21,8 миллион нафарга яқин фуқаронинг рўйхати шакллантирилди, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши бўлим бошлиғи Элмурод Қаршиев. – Жойларда фуқаролар йиғини раиси сайловини ўтказиш учун 20 минг 484 овоз бериш кабинаси ва 10 минг 847 қути, 9 минг 143 овоз кучайтиргич мавжуд. Бугунги кунда кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳларини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонунлар ва қонуности ҳужжатлари билан таъминлаш мақсадида тегишли тўплам тайёрланиб, 10 минг нусхада чоп этилмоқда.
Шунингдек, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонуннинг талаблари асосида кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳлари учун сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби бўйича А3 шаклда ишлаб чиқилган инфографика ҳудудларга етказилди.
Вилоятлардаги барча маҳалла фуқаролар йиғинида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш бўйича 2019 йилнинг июнь-сентябрь ойларига мўлжалланган Ҳаракатлар режалари ҳудуддаги муаммолардан келиб чиқиб тайёрланди. Мазкур режалар секторлар раҳбарлари ва маҳаллалар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар)лар кенгашлари бошқарувлари раислари томонидан тасдиқланди.