Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 49-мактаб ўқитувчиларининг бир ҳафта аввал Мажбурий ижро бюроси талаби билан хизмат кўрсатувчи банк томонидан барча ишчи-ходимларнинг пластик карталари, уларнинг қарзи бор-йўқлигидан қатъий назар, блоклаб қўйилган, деб ёзмоқда «Дарё» интернет-нашри.
«Ўқитувчиларимиз МИБ томонидан пластик карталари блокланганини билишмаган. Баъзи ўқитувчилар якшанба куни бозорга тушиб, харид қилмоқчи бўлган, дўконларга кирган, кундалик эҳтиёжи учун маҳсулот олган, пластигини берган — у блокланган чиққан. Бор пули пластик картада бўлган аксарият ўқитувчиларимиз олган маҳсулотларини қайтариб бериб, бозордан қуруқ қўл билан қайтган.
Душанба куни пластик картани банкка олиб борсак, МИБдан коммунал тўловлардан қарзингиз йўқлиги ҳақида маълумотнома олиб келинг, бизга шундай топшириқ берилган, деган жавобни эшитдик.
Мактабимизда ўқувчиларга икки сменада дарс берилади. Ўқитувчилар куни билан дарсдан ортмайди. Оилавий тадбирларини ҳам якшанба кунига мўлжаллашади. Мана, ўн кундирки, ўқитувчиларнинг ҳар дақиқаси ҳисобли бўлган вақти мана шу муаммони ҳал қилиш билан ўтяпти.
Ўқитувчи банкдан МИБга, ундан коммунал идораларга қатнаб, қарздор эмаслигини тасдиқловчи маълумотномаларни тўпласинми ё мактабда дарс ўтсинми?», — дейди мактаб касаба уюшма кенгаши раиси Турсунали Колонов.
«Қўқон шаҳридан қатнаб ишлайман. Ҳар куни эрталаб болаларимни боғчага кузатиб, соат етти яримгача мактабга етиб келишим керак. Дарсларим соат тўртда тугайди. Болаларни вақтида боғчадан олиш учун яна уйга шошиламан. Пластик картамни банк блоклаб қўйибди. Ичимлик сувидан қарзи бор деб. Коммунал тўловлардан умуман қарзим йўқ эди. Мана, бир ҳафтадан бери вақтим бўлмаяпти шу муаммони ҳал қилишга. Ўзимни пулимни ишлата олмаяпман», — дейди рус тили фани ўқитувчиси Марина Овченникова.
«Якшанба куни бозордан гўшт олдим. Тўлов учун пластик картамни берсам, қулф экан. Гўштни қайтариб беришга мажбур бўлдим. Эртасига банкка бордим. Улар МИБга жўнатишди. МИБ ходимлари ичимлик сувидан 115 минг сўм қарзингиз бор экан, тўлаб келинг, дейишди. Аслида биз яшайдиган Эски Яйпан маҳалласида ичимлик сувининг ўзи йўқ. Қандай қилиб йўқ сувга қарз бўлишим мумкин?» — дейди математика фани ўқитувчиси Ҳулкарой Маҳмудова.
Масалага аниқлик киритиш мақсадида туман Мажбурий ижро бюросига бордик. Бюронинг коммунал тўловлар бўйича мутахассисининг маълум қилишича, 49-мактаб ўқитувчиларининг пластик карталарини блоклаш «Сувоқава» давлат унитар корхонаси туман филиали томонидан берилган рўйхат асосида амалга оширилган. Яъни, мактабнинг ичимлик сувидан қарздор бўлган 78 нафар ишчи-ходимларига тегишли пластик карталари блокланган, холос. Коммунал тўловлардан қарзи йўқ ходимларнинг пластик карталари блокланмаган.
«Прокуратура органларининг қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашдаги фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент фармонига асосан 2018 йил 1 мартдан бошлаб турар-жойга прописка қилинган вояга етган шахслар коммунал тўловлар бўйича уй мулкдори билан биргаликда жавобгар ҳисобланади. Мажбурий ижро бюросига энергоресурслар бўйича қарздорликлари мавжуд бўлган истеъмолчиларнинг пластик карталаридан энг кам ойлик иш ҳақининг 2 бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги пул маблағларини ҳар ойда сўзсиз ечиб олиш ҳуқуқи берилган. Шу асосда, қарздор ходимларнинг банк пластик карточкаларида операцияларни вақтинча тўхтатиб туриш учун тижорат банкларига маълумотлар тақдим этилди. Қарздорлик бартараф этилгач, банк пластик карточкалари яна очиб берилади», — дейди МИБ ходими.
«Сувоқава» давлат унитар корхонаси туман филиали томонидан берилган рўйхатда 49-мактабнинг 78 нафар ишчи-ходими умумий ҳисобда ичимлик сувидан 11 380 081 сўм қарз экани кўрсатилган. Бироқ рўйхатда исм-фамилияси қайд этилган аксарият ходимлар ичимлик сувидан қарзи йўқлигини маълум қилди.
«Янги ҳаёт қишлоғида яшайман. Қишлоғимизда ичимлик суви йўқ. Лекин сувдан 178 минг сўм қарз чиқариб, пластик картамни блоклаб қўйишибди», — дейди Маъруфжон Сайдалиев.
«Ичимлик сувидан 118 минг сўм қарздорлик ҳисоблаб, пластик картамни блоклаб қўйишибди. Аслида бизда ичимлик суви йўқ. Қудуқ сувини тиндириб ичамиз. Сув бўлганда, албатта, пулини вақтида тўлар эдик. Ҳалиям пластик картам қулфланган. Озиқ-овқат, дори-дармон олиш керак-ку», — дейди бошланғич синф ўқитувчиси Хуршида Йигиталиева.
Маъруфжон Сайдалиев ва мактабнинг бошқа ходимлари билан «Сувоқава» давлат унитар корхонаси Ўзбекистон тумани филиалига бордик. Филиал бош оператори Шарифжон Абдурашидов Янги ҳаёт қишлоғига ичимлик суви тармоғи тортилмаганини тасдиқлади. Маъруфжон Сайдалиев номига нотўғри ёзилган 178 минг сўм қарздорликни эса техник хато сифатида изоҳлади.
Маъруфжон Сайдалиевга ичимлик сувидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома берилди. Энди у бу маълумотномани кўтариб МИБга боради. МИБдан ҳам маълумотнома олиб, банкка бориши ва пластик картасини блокдан чиқартириши керак.
Ўзбекистон туманида таълим соҳасининг юзлаб ходимлари шу «схема» асосида сарсон бўлмоқда. Баъзи ташкилотларнинг вазифасига масъулиятсизлик билан қараши оқибатида ўз маблағини тасарруф эта олмаяпти. Қимматли вақтини ва асабини коммунал тўловлардан қарзи йўқлигини исботлашга сарфламоқда.
Албатта, энергоресурслар, коммунал хизматлар ҳамда ичимлик суви учун олдиндан тўлов қилиш ва буни ҳар ойнинг 10 санасига қадар тегишли тартибда қайд эттириш истеъмолчининг зиммасида.
Бироқ, коммунал идоралар кимнидир қарздорлар рўйхатига киритишдан, МИБ эса уларнинг пластик картасини блоклашдан аввал бу маълумотлар қанчалик тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириб кўриши керак эмасми?