Коррупция сўзининг моҳиятида бузмоқ (лотинча сorrumpere – бузмоқ) мақсади яширингани унинг қанчалик хавфли эканини кўрсатиб турибди. Шунинг учун ҳам коррупция долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. БМТ томонидан Коррупцияга қарши конвенция қабул қилингани бежиз эмас. Ўзбекистон Конвенцияни 2008 йилда ратификация қилган.
Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” ги қонуни ижроси жараёнида жамиятда коррупцияга қарши муросасиз муносабатни қарор топтиришга ҳаракат қилинмоқда. Бунда, шубҳасиз, оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Чунки журналистлар ўз чиқишлари билан одамларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, ижтимоий адолат ғояларини илгари суриш орқали жамиятда коррупцияга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантиришга кўмаклашади.
Оммавий ахборот воситалари коррупциянинг кўзга кўринмас яширин механизмларини жамоатчиликка очиқ-ойдин кўрсатиб бериш, ушбу иллатнинг жамият ҳаётида чуқур илдиз отишига тўсиқ қўйиш орқали унга қарши таъсирчан кураш олиб боради. Зеро, коррупция ҳолатлари бўйича олиб бориладиган журналистик суриштирувлар коррупциявий жиноятлар учун жазо муқаррарлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.
Шу мақсадда Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси кўмагида “Коррупцияга қарши курашишда оммавий ахборот воситаларининг роли” лойиҳасини амалга оширди.
– Лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Фарғона, Хоразм, Қашқадарё, Андижон вилоятларида ва Тошкент шаҳрида журналистлар ва фуқаролик жамияти институти вакилларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги хабардорлигини оширишга қаратилган тренинглар ўтказилди, – дейди Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази директори Гулнора Бобожонова. – Ижтимоий шериклик доирасида ҳамкорликдаги иш режаларини муҳокама қилиш, оммавий ахборот воситаларида ушбу мавзуни ёритиш, жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирокида коррупция ҳолатлари ва уларни бартараф этиш масалаларини муҳокама қилиш учун “очиқ мулоқот майдонлари” яратилди.
Тренингларда ахборот манбалари билан ишлаш ва ёлғон ахборотлар пайдо бўлмаслиги учун уларни текшириш бўйича билим ва кўникмалар оширилди. Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишга қаратилган ҳуқуқий, институционал чора-тадбирлар ҳақида батафсил ахборот берилди. “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” ги қонун нормалари атрофлича тушунтирилди.
Лойиҳа доирасида ташкил этилган тренингларда ҳудудий оммавий ахборот воситалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Журналист, медиа-мутахассислар ва журналистика бўйича таҳсил олаётган талабалар учун махсус “Коррупцияга қарши курашишда оммавий ахборот воситаларининг роли” номли қўлланма чоп этилди. Қўлланмага коррупцияга қарши курашишда журналист учун керакли бўлган халқаро ва миллий қонунчиликдаги маълумотлар ҳамда мазкур мавзуни ёритишда журналистнинг этика меъёрлари киритилган.