Миллий матбуот марказида Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссиясининг 2018 йилдаги фаолияти якунлари ва галдаги вазифаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Сенатининг 2017 йил 4 октябрдаги қарори асосида Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси, ҳудудларда эса ҳудудий комиссиялар фаолият кўрсатмоқда. Ўтган давр мобайнида Парламент комиссияси томонидан муайян ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган Халқаро меҳнат ташкилотининг “Мажбурий меҳнат тўғрисида”ги 29-конвенцияси ва “Мажбурий меҳнатни бекор қилиш тўғрисида”ги 105-конвенцияси ижроси ўрганилди.
Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларида мажбурий меҳнатнинг барча шаклларига барҳам бериш мақсадида ўзаро ҳамкорликнинг самарали усуллари жорий этилди. Ўтган йили мамлакат миқёсида бу йўналишда олиб борилган ишлар натижасида Халқаро меҳнат ташкилоти, АҚШнинг Меҳнат вазирлиги, Савдо ваколатхонаси, “Human Rights Watch” халқаро ноҳукумат ташкилоти, Европа иттифоқи мамлакатлари делегациялари томонидан Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида амалга оширилаётган ҳаракатлар юқори баҳоланди.
Фуқароларнинг меҳнат муносабатлари соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, амалдаги қонун ҳужжатларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш Комиссия фаолиятининг яна бир муҳим йўналиши ҳисобланади. Шу мақсадда Эксперт гуруҳи ташкил этилиб, “Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳага жиноят, маъмурий, меҳнат ва солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифлар киритилди. Қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини тубдан такомиллаштириш имконини беради.
Матбуот анжуманида жорий йилда ҳам мазкур йўналишлардаги ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.