2017-2018 йилларда дастур доирасида арзон уй-жойлар қурилишини молиялаштириш мақсадида жами 4 триллион 085,2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Шундан 2 триллион сўмга яқин маблағ “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банки ҳиссасига тўғри келади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Сарфланган маблағларнинг 445,8 миллиард сўми аҳоли маблағлари, қолгани банк томонидан ажратилган имтиёзли ипотека кредитлардир.
Жорий йилда намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган арзон уй-жойлардан олиш тартибига ҳам ўзгартириш киритилди. Президентимизнинг 2018 йил 18 июлдаги “2018 йилда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастурларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ўзгаришлар бўлди.
Бу 2018 йилнинг 1 июлидан 2020 йил 1 январгача бўлган даврда уйлар 20 йил муддатга 3 йиллик имтиёзли давр ҳамда 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз ставкаси билан берилади.
Қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш учун уй қурувчиларига дастлабки бадал 0,02 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган 2, 3 хонали бир қаватли ва икки, уч, тўрт, беш қаватли кўп квартирали арзон уй-жойлар учун 10 фоиз миқдорида тўланади. Шунингдек, 0,04 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган арзон уй-жойлар ва 0,06 га ўлчамдаги ер участкаларида жойлаштириладиган 3,4 ва 5 хонали арзон уй-жойлар учун 25 фоиз этиб белгиланди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 ноябрдаги “Қишлоқ жойларда ва фуқароларнинг айрим тоифалари учун арзон уй-жойлар қуришни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янада тартиблаштиришда муҳим дастуриламал бўлади.
Мазкур қарор асосида 2019 йилдан бошлаб республикамиз қишлоқ ҳудудларида намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар қурилиши “Обод қишлоқ” дастури билан ўзаро уйғунликда ташкил қилиш белгиланган.
2018 йилнинг 1 июлидан 31 декабрига қадар имтиёзли ипотека кредити уч йилдан иборат имтиёзли давр билан ажратилиши белгиланган бўлса, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб, ушбу имтиёзли ипотека кредитининг имтиёзли даври икки йилдан иборат бўлиши белгиланди.
Анжуманда бу жараёнларда “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банкининг иштироки, пудратчи ташкилотлар билан бўладиган шартномалар, талаблар ва таклифлар, сифатли ва арзон уй-жойлар қуришдаги мураккабликлар, муаммолар хусусида сўз борди.