БМТ Бош Ассамблеясининг 12 декабрдаги ялпи сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюцияси қабул қилинди. Лойиҳаси Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат БМТга аъзо давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.
Мазкур резолюцияни қабул қилиш ташаббусини Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрда Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган эди. Ўзбекистон таклиф этган резолюциянинг асосий мақсади — барча учун таълим олиш имкониятини тақдим этиш, саводсизлик ва билимсизликни бартараф этишдан иборат. Ҳужжатда «бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни ўрнатиш, диний эркинликни таъминлаш, диндорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг камситилишига йўл қўймаслик»ка ҳам чақирилган.
Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси хабарида таъкидланганидек, резолюция нафақат БМТнинг барча аъзо давлатлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланмади, балки 50 дан ортиқ давлатлар ҳаммуаллифлигида қабул қилинган. Муаллифлар орасида Қирғизистон, Қирғизистон, Ливан, Марокаш, Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон, Покистон, Корея Республикаси, Россия, Саудия Арабистони, Сингапур, Судан, Тожикистон, Таиланд, Озарбайжон, Жазоир, Баҳрайн, Белоруссия, Гана, Тунис, Туркманистон, Филиппин, Япония ва бошқа давлатлар бор.
Резолюцияда таълим, тинчлик, инсон ҳуқуқлари, бағрикенглик ва дўстликнинг олға сурилиши муҳим рол ўйнаши таъкидланади, шунингдек, дунёда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш учун интеграция, ўзаро ҳурмат, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бағрикенглик ва ўзаро тушунишнинг муҳимлиги тан олинади.
Шу билан бирга, қабул қилинган резолюцияда БМТга аъзо давлатлар миллий ва халқаро ОАВ ҳамда Интернетда кенг кўламли тарғибот ишларини ўтказиш, бағрикенглик, дин ва эътиқод эркинлигига рахна солмаслик тўғрисидаги маърифий ахборотларни тарқатиш каби коммуникацион стратегияни жорий этиш таклиф қилинган.
БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистон резолюциясини қўллаб-қувватлаш мақсадида Кувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Марокаш, Уммон, Озарбайжон, Панама, Европа Иттифоқи ва қатор бошқа давлатлар делегациялари нутқ сўзлаб, ўзбек томонига ушбу муҳим ва ўз вақтида қабул қилинган ҳужжатни тақдим этгани учун миннатдорчилик билдирди.